"Хоразм ҳудудий электр тармоқлари" АЖ раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

  •  2020-11-28

Бугун вилоят ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси ташаббуси билан "Хоразм ҳудудий электр тармоқлари" АЖ раҳбарияти иштирокида "Хоразм вилоятида куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонлари ва ташкилотларга электр энергиясини етказиб бериш, янги турдаги ҳисоблагичларни автоматик дастурга улаш жараёнлари" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Кун тартибидаги масала юзасидан "Хоразм ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бош директори М.Базаримбетов ва жамиятнинг барча ўринбосаралари йиғилганларга ҳисобот бердилар. 

"Хоразм ҳудудий электр тармоқлари"АЖ тасарруфида 61 дона 35-110 кВ подстанциялар, 12 416,2 км 0,4-110 кВ электр узатиш тармоқлари ҳамда 4522 дона

10/0,4 ва 6/0,4 кВ трансформатор пунктлари мавжуд бўлиб, улар орқали 386 654 та (19919та улгуржи, 366735 та аҳоли) истеъмолчиларга электр энергияси етказиб берилади.

2020-2021 йил куз-қиш мавсумида иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига барқарор электр энергияси етказиб бериш мақсадида  жорий йилнинг 26 ноябрь холатига  5 дона 35-110 кВ кучланишли куч трансформаторлари, 10 та 35-110 кВли ўчиргичлар, 622,2 км узунликда 110-0,4 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари, 329 дона 6-10/0,4 кВ кучланишли трансформатор пунктлари тўлиқ мукаммал таъмирланди. 

1244,5 км узунликдаги 0,4-110 кВ электр узатиш тармоқлари ва 658 та трансформатор пунктлари, 61 та 35-110 кВли подстанцияларни жорий таъмирлаш режалаштирилган бўлса, айни кунгача 1387,3 км (режага нисбатан 111,5 %) узунликдаги 0,4-110 кВ электр узатиш тармоқлари ва 699 та (режага нисбатан 106,2 %) трансформатор пунктлари ҳамда 61 та (режага нисбатан 100,0 %) 35-110 кВли подстанциялар жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. 

Вилоятнинг Гурлан туманида жойлашган 110/10 кВли "Гурлан" подстанциясидаги қуввати 10000 кВА бўлган трансформатор ўрнига қуввати 16000 кВА бўлган янги трансформатор ўрнатилди, подстанцияларда захирага чиққан куч трансформаторларини кўчирилиб ўтказилиши ҳисобидан Урганч туманидаги "Дўстлик", Хонқа туманидаги "Қирқёп", Ҳазорасп туманидаги "Саноат" ва "Нурчи" Янгиариқ туманидаги "Каттабоғ" подстанцияларидаги куч трансформаторларининг қувватлари алмаштирилди.

Бундан ташқари, Урганч шаҳрининг ўта муҳим объектларини электр энергияси билан таъминловчи 110/6 кВли "Шарқий" подстанциясининг 1-секциясидаги 6 кВли ячейкалари ўрнига янги замонавий ячейкалар ўрнатилди. Бажарилган ишлар натижасида Гурлан, Урганч, Хонқа, Ҳазорасп, Янгиариқ туманлари ва Урганч шаҳридаги 10,5 мингдан ортиқ электр энергияси истеъмолчиларининг электр таъминоти янада яхшиланди.

Бундан ташқари анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги ПФ-5761-сонли Фармонига асосан вилоятда амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталинди. 

2019 йилнинг сентябрь ойидан Хоразм вилоятида янги турдаги 452 558 та АСКУЭга мос электр ҳисоблагичлари ўрнатилиши лозим бўлса, ҳозиргача 230 850 та ўрнатилди. Қолган 221 708 та электр ҳисоблагичлар 2021 йилнинг 1 январига кадар ўрнатилиши ва 2021 йил 1 апрель санига қадар барча ҳисоблагичлар АСКУЭ тизимига уланиши режалаштирилган.  

Вилоят бўйича жами 4985 та концентратор трансформаторларга ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб шундан, ҳозирги кунга қадар 204 та концентратор қурилмалари жойларга ўрнатилиши таъминланди.

Қизғин мулоқот ва савол-жавоблар тарзида бўлиб ўтган анжуманда, йиғилган журналист ва ОАВ ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.