ТАРАҚҚИЁТ ТАЪЛИМДАН БОШЛАНАДИ

  •  2021-05-25
ТАРАҚҚИЁТ ТАЪЛИМДАН БОШЛАНАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз мактаблари битирувчи ўғил қизларига табрик йўллар экан уларга қарата: “Ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар”, дея мурожаат қилиб, ёшларнинг ҳаётда ўз муносиб ўрнини топиши учун давлатимиз ва жамиятимиз бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларини тўла сафарбар этишини айтиб ўтдилар.
Ҳақиқатдан ҳам, давлатимиз раҳбари томонидан “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган шиори асосида ишлаш, таълимга бўлган эътиборни кучайтириш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Кейинги тўрт йил давомида таълим соҳасида жуда катта, тарихий ишлар амалга оширилди, десак муболаға бўлмайди.
Буни биргина Хоразм вилояти мисолида оладиган бўлсак, қисқа давр мобайнида 6 та янги мактаб қурилиб, 77 та мактаб реконструкция қилинган. Шунингдек, янгидан 3 та математика, 1 та кимё биология 1 та ахборот технологиялари фанларига ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилган.
Дунёдаги биринчи Маъмун Академияси очилган ва шарқ ҳамда ғарбга буюк алломаларни етиштириб берган мана шу заминда республикада биринчилардан бўлиб Президент ва ижод мактабларининг очилиши бир жиҳатдан мана шу буюк алломаларимизга ҳурмат бўлса, иккинчи томондан эса хоразмлик таълим соҳаси ходимларига билдирилган ишонч ва маъсулият ҳамдир. Шунингдек, булар қаторига Шовот туманида барпо қилинган Халқаро физика-математика мактаби ҳам қўшилгани Хоразм диёридан етишиб чиққан алломалар ворисларини тарбиялашга замин яратди.
Шу ўринда айтиш жоизки, ҳукуматимиз томонидан билдирилган ишонч, эътибор, берилаётган амалий ёрдамларни оқлаш мақсадида хоразмлик таълим ходимларининг изланишлари, тинимсиз меҳнатлари зое кетмади:
2020 йилда ўтказилган миллий рейтингда Хоразм вилояти 2 ўринга сазавор бўлди.
Трансчегаравий минтақалараро Халқаро баҳолаш ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси таълим сифати ва таълим шароитлари бўйича ҳамда олий ва биринчи тоифали педогоглар салмоғига кўра Республикада биринчи ўринни эгаллади.
Шу жиҳатдан олиб қарасак, Президентимизнинг мактаб битирувчиларига йўллаган табриги ёшларимизни руҳлантириб, уларнинг билим олишларига иштиёқларини кучайтирса, соҳа ходимларини эса мана шундай ютуқларининг бардaвом бўлишига, ватан тараққиёти учун бор куч ва салоҳиятини янада кўпроқ сарфлашига ундайди.

Мирзабек Жапақов,
ҳуқуқшунос журналист. Хоразм.