Хоразмда кўмир билан қиздириб келинган мактабнинг иссиқлик тизими замонавий электр иситиш тизимига алмаштирилди

  •  2021-01-20
Хоразмда кўмир билан қиздириб келинган мактабнинг иссиқлик тизими замонавий электр иситиш тизимига алмаштирилди

Бугун ёш авлод эртаси, уларнинг нурли камолоти учун барча қулай шарт-шароитлар муҳайё. Келажакка йўл бошланадиган улуғвор иморатлардан ҳисобланадиган умумтаълим мактабларида ўқувчи-ёшларнинг мустаҳкам билим эгаллашлари учун етарлича шароитларни яратиш бугуннинг долзарб вазифаси ҳисобланади. Таълим масканларига кўрсатилаётган ҳомийлик ёрдами, ўзига хос ташаббуслар асосидаги жуда кўплаб хайрли саъй-ҳаракатлар истиқбол одимларига хизмат қилмоқда, ўқувчиларни юксак марралар сари дадил одимларга ундамоқда. 

Янгибозор туманидаги Жайҳун маҳалласида жойлашган 21-сон умумий ўрта таълим мактаби 1984 йилда қурилган бўлиб, бугунги кунда мактабда 223 нафар ўқувчиларга 21 нафар ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келмоқдалар.

Мактаб 2011 йилда мукаммал таъмирланган бўлиб, бугунга қадар таъмирталаб аҳволга келиб қолган эди. Мактабда 2020 йилда туман ҳокимлиги ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Иссиқлик тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, шу кунгача кўмир билан қиздириб келинган мактабнинг иссиқлик тизими замонавий электр иситиш тизимига алмаштирилди.

Шунингдек, мактабда ички ва ташқи  ҳожатхоналар янгидан қуриб фойдаланишга топширилди. Мактаб синфхоналари ва компьютерхона замонавий тарзда қайта таъмирланди. Алоҳида меҳнат хоналари ташкил қилиниб, ўқувчи қизлар учун тикув машиналари, ўғил болалар учун дурадгорлик асбоблари билан жиҳозланди.

Ишонамизки, келажагимиз эгалари бўлган ёшларимиз юртимизнинг ёрқин келажаги учун ўз хиссаларини қўшадилар.