ЁШ ТАДБИРКОР –ЭЛГА МАДАДКОР

  •  2021-01-26
ЁШ ТАДБИРКОР –ЭЛГА МАДАДКОР

Қўшкўпир тумани Хадра қишлоғи  “Полвон” маҳалласида истиқомат қилаётган Муродбек Отабаев 2019 йилда  яхши ниятлар билан иш бошлади. Аслида, тадбиркорликда узоқни кўра билиш, пухта режа тузиш жуда муҳим. Лекин ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкин. 2020 йилдаги жаҳон пандемияси мамлакатимиз иқтисодиётига, ижтимоий ҳаётига ўз  таъсирини кўрсатди. Аммо бизнинг сабр-тоқатли, меҳнаткаш ва шукурона ҳалқимиз  ҳар қандай қийинчиликларни енга олади. Муродбек ҳам ана шундай инсон. Узоқ ва пухта ўйланган режалар, албатта таваккалчилик билан бошланган ишлар бугун яхши натижаларини бера бошлади.

Туман марказида ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш  автомактабини ташкил қилди.  Ўтган давр мобайнида мактабда  750 нафар ёшларга касб-ҳунар ўргатилди. Бугунги кунда 150 нафар ўқувчига мўлжалланган даргоҳда  уч йўналишда ҳайдовчилик сир-синоатлари пухта ўргатилмоқда.

Муродбекнинг ташаббуси билан ўтган йили туман марказидан 22 километр узоқликдаги Оқдарбанд қишлоғи “Ошоққалъа” маҳалласида уюшмаган ва ишсиз ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш мақсадида 150 ўринли  автомактаб филиали ташкил қилинди. Бугунги кунда 24 нафар малакали  ўқитувчилар, уста ва техник ходимлар томонидан    аҳолига намунали хизмат кўрсатилмоқда. Иш билан таъминланганларнинг 50 фоизи ёшлар бўлиб, улар ўз касбларини сидқидилдан яхши кўрадилар.

Республикамиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг ўтган йили Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган маърузаси Муродбекни ҳам  тўлқинлантирди. Жуда кўплаб вазифалар, ишларни режалаштирди. Туман ҳокимлигининг бевосита яқиндан кўмагида Хадра қишлоғидан 2 гектар ер олишга муваффақ бўлди. Хитой технологияси  асосида гидропоника усулида иссиқхона қуриш ишларини бошлаяпти. Шунингдек, ушбу иссиқхона қошида лимонарийни ҳам  ташкил қилиш режалаштирилган.

Ёш тадбиркорнинг учинчи яна муҳим йўналиши-чорвачиликни  ривожлантириш. Украинадан наслдор 40-50 та молларни олиб келиш юзасидан лойиҳа ишлаб чиқилди. Ёш тадбиркор  иссиқхонада етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини чет элга экспорт қилиш орқали соҳани янада ривожлантиришни кўзлаяпти. 

“Иш билганга минг танга” деган ажойиб нақл бор, халқимизда. Ўтган йил Муродбекка ўхшаган ёшлар учун синов йили бўлди. Натижани сабр-тоқат ва пухта режа билан кутаётган тадбиркорнинг дастлабки ишлари ёмон эмас.

Яқинда “Ҳар бир тадбиркор-ёшларга мададкор” тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшлар бириктирилишини эшитиб, ўзига муносиб шогирларни танлаб олди. Маҳалладошлари Хусан Машариповга автомактаб фаолияти, Шоҳзодбек Отабаевга иссиқхона ва чорвачилик юзасидан тадбиркор сифатида ёрдам беришга аҳд қилди.

- Мен бир эмас,  балки  2 нафар ёшга тадбиркорлик йўналишида сабоқ бермоқчиман. Уларга қандай қилиб тадбиркор бўлиш мумкинлиги, дастлабки қадамларни нимадан бошлаш кераклиги юзасидан йўл-қўриқлар кўрсатаман. Ўз бизнесларини мустақил равишда  бошлаб олгунларига қадар ёнларида бўламан,- деди биз билан суҳбатда Муродбек.- Негаки, маҳалламда тадбиркорлар қанча кўп бўлса, оилаларимиз фаровон яшайди. Ёшлар иш билан банд бўлсалар, маҳалламда тинчлик таъминланади, соғлом муҳит қарор топади.

Ёш тадбиркор бугунги кунда  ўз устида тинимсиз ишлаб, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қарши филиалида сиртдан таҳсил олмоқда. Унинг хайрли ва эзгу ишларида улкан омадлар ёр бўлсин.  Оилалар тинчлиги, фарзандлар келажаги ҳақида ҳақиқий жон куйдираётган, элга мададкор бўлаётган  Муродбек ва унинг жамоасига, шогирдларига ҳечам чарчаманг, деймиз.

 

Дилбар ЗАРИПОВА,

 журналист.