Хоразмда ўсмирлар ўртасида бокс бўйича вилоят чемпионати ўтказилди

  •  2021-07-07
Хоразмда ўсмирлар ўртасида бокс бўйича вилоят чемпионати ўтказилди

Мамлакатимизда бокс ёшларнинг энг севимли, анъанавий спорт турларидан бири бўлиб улгурди. Куни кеча Урганч шаҳрида 2008-2009 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида “Хоразм вилояти чемпионати” финал босқичи бўлиб ўтди.

Ёшларнинг бокс спорт турига бўлган оммавий қизиқишини ортиб бораётганлиги, айниқса қиз болаларни ушбу спорт турига бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганлиги қувонарли.

Эртамиз келажаги бўлган ёшлар ўртасида иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш, шунингдек, ўзбек боксининг дунёдаги етакчилигини сақлаб қолиш ва давом эттириш мақсадида ўтказилган спорт мусобақасида 15 вазн тоифасида 80 нафар ўғил қизлар ғолиб бўлишди.

Мусобақа аввалида сўз олган Хоразм вилояти божхона бошкармаси бошлиғи Илхомбек Казаков ёш боксчи ўғил-қизларга келгусида жаҳон рингларида, олимпия ўйинларида иштирок этиб, юртимиз байроғини юқори чўққиларга кўтаришларига ишонишини билдириб ўтди.

Вилоятнинг шаҳар ва туманларидан қатнашган 340 нафар ўсмирлар ўртасида муросасиз кечган мусобақа сўнгида ўз оғирлик йўналишларида 20 та 1-ўрин, 20 та 2-ўрин ва 40 та 3-ўринни қўлга киритган ўғил-қизлар Ўзбекистон бокс федерацияси Хоразм вилояти бўлими бошлиғи С.Атамуратов, Халқаро AIBA тоифадаги ҳакам Б.Жуманиёзов ҳамда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи И.Казаковлар томонидан махсус диплом, медаллар ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Маълумот ўрнида бугунги кунда вилоятда 17 та бокс мактаблари фаолият кўрсатиб, унда тажрибали 68 нафар малакали мураббийлар 1834 нафар ёшларга (1813 нафар ўғил болалар, 21 нафари қиз болалар) қўл жанги спорт турини ўргатишмоқда.

Хоразм вилояти Божхона бошқармаси Ахборот хизмати