Президент фармон ва қарорлари амалда "Рақамли божхона” – ташқи савдода шаффофликни таъминлайди!

  •  2021-04-13
Президент фармон ва қарорлари амалда

Давлат божхона қўмитаси Хоразм вилояти божхона бошқармаси томонидан 2021 йилнинг ўтган даври давомида амалга оширилган ишлар, асосий кўрсаткичлар, соҳа фаолиятига оид янги қабул қилинган меьёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун моҳияти, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш сиёсати доирасида божхона тўловларидан тақдим этилаётган имтиёзлар, улардан фойдаланиш талаб ва шартларини кенг оммага етказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда Президент фармон ва қарорлари амалда "Рақамли божхона – ташқи савдода шаффофликни таъминлайди" мавзусида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар билан матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда бошқарманинг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар гуруҳи бош инспектори Н.Давлетов томонидан 2021 йилнинг ўтган 3 ойида вилоят божхоначилари томонидан амалга оширилган ишлар, шунингдек, тизимда коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш бўйича ҳамда асосий кўрсаткич ва келгусидаги режаларга алоҳида тўхталиб, экспорт салоҳиятини  ошириш, импортни оптималлаштириш бўйича эришилган натижалар сарҳисобини келтирди.

Қайд этиш лозимки, 2021 йилнинг 3 ойи давомида Хоразм вилояти божхона бошқармаси томонидан қиймати 36 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулотлар экспорт божхона режимига расмийлаштирилган. Ташқи савдо айланмаси 158,2 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, бунда экспорт ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31,2 фоизи ошганлигини кўриш мумкин.

Бу ҳам мамлакатимизда экспортёр корхоналар қўллаб-қувватланиб, уларга кенг имкониятлар тақдим этилаётганининг самарасидир.

Вилоят ҳудудидан асосан тўқимачилик маҳсулотлари, ип калава, пахта толаси, мева-сабзавот маҳсулотлари, технологик асбоб ускуналар, шиша ва ундан ясалган буюмлар ҳамда транспорт ва унинг қисмлари дунёнинг Россия, Туркия, Хитой, Қозоғистон, Эрон, Тожикистон, Украина, Бангладеш, Корея, Германия, Туркманистон, Ветнам, Молдова, Польша каби бир қатор давлатларига экспорт қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сон Фармони том маънода божхона органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва божхона хизматида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишда асосий дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ҳозирда божхона тартиб-тамойилларини янада соддалаштириш, божхона тизимида рақамли технологияларни кенг қўллаш орқали инсон омилини камайтириш, божхона назорати шаклларини хавфларни бошқариш принципларига асосланган замонавий ахборот - коммуникация технолологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш, содда қилиб айтганджа “Рақамли божхона”га ўтиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Шундан сўнг божхона органларида жорий этилган янги тартибдаги импорт товарларига қўлланилаётган имтиёзлар, улардан фойдаланиш тартиб таомиллари, бўйича божхона тўловлари бўлими катта инспектори Илхомбек Қурбанов ҳамда 2020 йил 1 январдан амалиётга жорий этилган «Ягона дарча» божхона ахборот тизимининг бугунги фаолияти ҳақида Ташқи иқтисодиёт фаолиятида нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси гуруҳи бош инспектори Жўрабек Хўжаниёзовлар тадбир иштирокчиларга батафсил маълумот берилди. Ҳозирда «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда 6 та органнинг 17 та рухсат бериш тусидаги ҳужжатларини инсон омилисиз бериш тартиби жорий қилинди. Илгари мазкур рухсатномаларни олиш учун тадбиркор идорама-идора юришга мажбур бўлмоқда эди.

Анжуман давомида ОАВ вакиллари, журналист ва блогерларни қизиқтирган барча саволларга соҳа ходимлари томонидан жавоб берилди.

Бу каби ташкил этилаётган матбуот анжуманлари божхона органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар сарҳисобини халққа етказиш, соҳа шаффофлигини янада кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.