Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 28 июлдаги ПҚ-5200-сон қарори

  •  2021-09-15
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 28 июлдаги ПҚ-5200-сон қарори

Мамлакатимизда узумчиликни янада ривожлантириш, узум етиштириш, уни қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича кластер тизимини йўлга қўйиш, алкоголь бозорини тартибга солишнинг самарали механизмларини кенг жорий этган ҳолда республикани сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, соҳанинг экспорт салоҳиятини кучайтириш, инвестицион жозибадорлигини ошириш, шунингдек, виночилик туризмини (энотуризм) ривожлантириш мақсадида:
1. Қуйидагилар узумчиликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
узум етиштиришга ихтисослаштириш учун қулай ҳудудларда энг мақбул майдонларни белгилаш;
халқимизнинг асрлар давомида шаклланган миллий деҳқончилик маданияти, қадриятларидан келиб чиқиб, узум етиштиришни миллий маданият сифатида ривожлантириш;
узумчиликни йирик майдонларда, кластер ва кооперация усулида етиштириш орқали соҳада қўшилган қиймат занжирини яратиш, узумни сақлаш, саралаш ва қайта ишлашни рағбатлантириш;
маҳаллий узум навларининг миллий брендларини яратиш ва янги бозорларга чиқиш орқали экспортни кенгайтириш;
илмий асосланган ҳолда узум етиштириш, унинг янги ҳосилдор, данаксиз навларини яратиш мақсадида узумчилик илмий мактабини ривожлантириш ҳамда илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясини йўлга қўйиш.
2. Табиий иқлим шароити, аҳолининг деҳқончилик маданиятидан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 1-иловага мувофиқ 48 та туман узум етиштиришга ихтисослаштирилсин.
Бош вазир ўринбосари Ш. Ғаниев, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж. Ходжаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар ихтисослашган туманлардаги 156 минг гектар майдонда (шу жумладан 2021 йилда 50 минг гектар) узумзорларни барпо этишдан бошлаб, уларни истеъмолчига етказишга қадар узлуксиз тизимни яратиш учун масъул этиб белгилансин.
3. Белгилансинки:
2021 йил 1 августдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари (суғориладиган ва суғорилмайдиган (лалми) ерлар) токзорлар барпо этиш ва узумчиликни ривожлантириш учун очиқ танлов асосида ижарага берилади;
ер участкалари очиқ танлов натижаларига кўра 30 йил муддатга ижарага берилади;
очиқ танлов асосида ижарага олинган ер участкаларидан фақат токзорлар барпо этиш ва узумчиликни ривожлантириш мақсадида фойдаланилади, ушбу шартнинг бажарилмаслиги ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш учун асос бўлади;
ташаббускорларга ажратилган майдонда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тавсиялари асосида сертификатланган ток кўчатларини экиш ва сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилиш борасидаги ваколатли орган тавсиялари асосида ишни ташкил этиш мажбурияти юкланади;
очиқ танловга ер участкалари деҳқон хўжаликлари ташкил этган ҳолда токзорлар барпо этиш учун — 0,06 — 1 гектар ўлчамларда, яхлит контурда йирик токзорлар барпо этиш учун 1 — 30 гектар ўлчамларда чиқарилади.
4. Бош вазир ўринбосарлари Ш. Ғаниев, Ж. Қўчқоров, қишлоқ хўжалиги вазири Ж. Ходжаев Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда 48 та туманнинг ҳар бирида тупроқ-иқлим шароити узумчилик (хўраки) учун энг қулай бўлган камида 2 000 гектар ер майдонларининг ажратилишини таъминласин.
5. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда икки нафардан ўн нафаргача ходимлардан иборат, юридик шахс мақомига эга бўлмаган, узумчиликни ривожлантириш бўйича доимий лойиҳа офислари ташкил этилсин.
Белгилансинки:
лойиҳа офислари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик), Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор идораларнинг масъул ходимларини (иш ҳақи сақланган ҳолда) жалб қилган ҳолда ташкил этилади;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Агентлик ҳар бир лойиҳа офисига Агентликнинг Виночиликни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан узумчилик ривожланган давлатлардан малакали мутахассисларни жалб қилади.
Қуйидагилар лойиҳа офисларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
интенсив усулда, шу жумладан кластер ва кооперация усулида токзорлар ташкил этиш;
ажратилаётган ер майдонларида ташаббускорлар томонидан токзорларни барпо этилишини мониторинг қилиш ҳамда сертификатланган ток кўчатларини экиш бўйича тавсиялар бериш;
токзорлар барпо этишга яроқли ер участкаларини танлаш, уларнинг белгиланган тартибда очиқ танловга чиқарилишини ташкил этиш;
токзорларга кўчатлар, минерал ўғитлар етказиб бериш, агрохизматлар кўрсатиш, маҳсулотни сотишни ташкил этишга кўмаклашиш.
6. Белгилансинки, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб аҳоли томорқаларида, маҳаллаларда узум етиштиришни кенгайтиришнинг янги механизми жорий этилсин. Унга кўра, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда:
аҳоли томорқаларида узум етиштирувчи ташаббускорларни аниқлайди, уларнинг манзилли дастурини шакллантиради;
лойиҳа ташаббускорларига манзилли дастурга асосан Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан маблағ ажратади;
«Томорқа хизмати» МЧЖ орқали кооперация усулида тупроқ-иқлим хусусиятларидан келиб чиқиб, узум кўчатларини ҳудудлар кесимида экиш, етиштириш, ўсимликлар ҳимояси хизмати ва маҳсулотни сотиб олиш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
Молия вазирлиги мазкур бандда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун оилавий тадбиркорлик дастури доирасида, жорий йилда қўшимча 100 миллиард сўм кредит ресурсларини ажратсин.
7. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Р. Маматов), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж. Ходжаев), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши (А. Хаитов) аҳоли томорқаларидан, кўп қаватли уйлар олдидаги ерлардан ҳамда маҳалла ички кўчалари ва катта йўл бўйларидан унумли фойдаланиш мақсадида узум экишни ташкил этиш чораларини кўрсин.
8. 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба узумчилик йўналишида «энг яхши узум нави», «энг яхши интенсив токзор», «энг яхши маҳаллий узум нави», «энг яхши вино маҳсулоти» каби номинацияларда ўтказиладиган республика кўрик танлови таъсис этилсин.
Белгилансинки, кўрик танлов ғолибларини пул мукофоти ва бошқа эсдалик совғалар билан тақдирлаш Агентлик, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ушбу кўрик танлов низомини тасдиқласин.
9. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, узум етиштириш, уни қуритиш, қадоқлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилишнинг тўлиқ циклини яратиш мақсадида узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилади;
б) узумчилик ва виночилик кластерлари учун ер майдонлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6243-сон Фармонида белгиланган тартибда ажратилади.
Бунда, ажратиладиган ер майдонлари яхлит контурларда бўлиши назарда тутилади;
в) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари узумчилик ва виночилик кластерларини қуйидаги шартларда танлаш ва фаолиятини йўлга қўйишга масъул ҳисобланади:
узум етиштириш, қадоқлаш, саралаш, қайта ишлаш ва ресурс тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан бизнес-режа ёки техник-иқтисодий асос мавжудлиги;
фаолият юритиши учун зарур инфратузилма объектлари (эгалик ёки фойдаланиш ёхуд тўлиқ мулк ҳуқуқи асосида), шунингдек, малакали кадрлар ва бошқа воситаларнинг мавжудлиги ҳамда молиявий барқарорлиги.
10. Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳаси шартлари асосида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Агросервис оператор» ДУКга ажратилган ҳамда фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган 20 гектардан кам бўлмаган ерларда боғ ва токзорларни барпо этиш ҳамда ташаббускорларга бериш тартиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари интенсив боғ ва токзорлар барпо этиладиган ер майдонларининг очиқ танлов асосида «Агросервис оператор» ДУКга, фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектларига ижарага берилишини таъминлайди, «Агросервис оператор» ДУК ва ташаббускорлар ўртасида шартнома тузилади;
фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектлари ижара шартномаси асосида ўзларига тегишли бўлган ерларда боғ ва токзорлар ташкил этиш тўғрисида оператор корхона билан шартнома тузади, шартномада «тайёр ҳолда» топшириш тамойили асосида боғ ва токзорлар ташкил этилиб, 20 фоиз олдиндан, қолган 80 фоизини 7 йил давомида бўлиб тўлаш шарти белгиланади;
«Агросервис оператор» ДУК ўзига ҳамда фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектларига ижарага берилган камида 20 гектар ер майдонларида замонавий, ресурс тежайдиган технологияларга асосланган интенсив боғ ва токзорлар ташкил қилади.
11. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж. Ходжаев) Молия вазирлиги (Т. Ишметов) билан биргаликда замонавий кўчатхоналар барпо қилиш, сертификатланган узум плантацияларини ташкил этишни молиялаштириш учун Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни тижорат банкларига ажратиш чораларини кўрсин. Бунда:
ушбу маблағлар миллий валютада тегишинча Агентлик ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги тавсиялари асосида Марказий банкнинг асосий ставкасида тижорат банкларига ресурс сифатида жойлаштирилади;
тижорат банклари 10 йил муддатга (5 йиллик имтиёзли давр билан) 3 фоиздан кўп бўлмаган маржа билан тижорат кредити ажратади;
ажратиладиган кредит фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 5 фоизли пунктдан ортиқ бўлмаган қисми Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.
12. Молия вазирлиги (Т. Ишметов) республика бюджетидан Агентликнинг Виночиликни ривожлантириш жамғармасига ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига ҳар йили қўшимча 100 миллиард сўмгача субсидия маблағларини ажратсин. Бунда, ажратилган маблағлар ҳисобидан:
а) яратилаётган ҳар 10 гектар майдондаги узум ва мевали боғлар плантацияларига сув чиқариш учун бурғиланган қудуқ, шунингдек, дарёлар, каналлар ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш мақсадида насос станциясини қуришга ҳар бир метри учун 600 минг сўмдан, аммо 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг тегишли далолатномасига асосан;
б) янги интенсив боғ ва токзорларда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш, бурғиланган қудуқ, шунингдек дарёлар, каналлар ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортишга насос станциясини қуриш ишларини лойиҳалаштириш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида ҳар бир лойиҳага 10 миллион сўмгача;
в) аҳоли яшаш пунктларидан узоқ ҳудудларда жойлашган 10 гектардан кам бўлмаган лалми ва фойдаланишдан чиққан ерларда узум ва мевали боғлар плантацияларини ташкил этиш учун қайта тикланувчи, муқобил электр энергияси (қуёш, сув, шамол) билан таъминлаш ускуналарини сотиб олиш харажатларнинг 50 фоизигача, бироқ 100 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда;
г) маҳаллий шароитда «in-vitro» усулида етиштирилган ҳар бир дона ток кўчати ва пайвандтагли ток кўчати учун 5 минг сўм миқдорида;
д) маҳаллий ишлаб чиқарувчи кластерлар томонидан экспорт қилинган ҳар бир литр узум ва мева-резаворлардан тайёрланган табиий равишда ачитилган табиий вино (этил спирти қўшилмаган ҳолда) ҳамда бренди учун 5 минг сўмдан кўп бўлмаган миқдорда;
е) узум кўчатларини шпалерга (ёғоч ва бошқа синувчан устунлардан ташқари) кўтариш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида бир дона шпалерга 15 минг сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда;
ё) майиз қуритиш ва қадоқлаш линиялари ҳамда виночилик асбоб-ускуналарини харид қилиш харажатларининг 20 фоизи, бироқ 300 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда субсидия ажратилади.
Белгилансинки, мазкур банднинг «а» кичик бандида назарда тутилган имтиёз олдин ҳар 35 гектар майдонда узум ва мевали боғлар плантацияларига сув чиқариш учун бурғиланган қудуқ, шунингдек, дарёлар, каналлар ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш мақсадида насос станциясини қуришга субсидия олган тадбиркорлик субъектларига янгидан қудуқ қазиш ҳамда насос станциясини қуриш шарти билан татбиқ этилади.
13. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
2022 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий ишлаб чиқарилган узум ва мева-резаворлардан тайёрланган табиий равишда ачитилган табиий вино (этил спирти қўшилмаган ҳолда) ва кўпикланадиган винонинг 1 далига акциз солиғи 1 сўм этиб белгиланади;
2021 йил 1 августдан 2024 йил 1 январгача бўлган муддатда импорт қилинаётган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган узумчилик ва виночилик соҳасида қўлланадиган хом ашё, ускуналар, махсус техникалар, эҳтиёт қисмлар, шунингдек, эман бочкалар ва зангламайдиган сиғимлар (йиғилмаган ва тайёр шаклда) ҳамда уларнинг бутловчи қисмлари 3-иловага асосан божхона божидан озод этилади.
Агентлик икки ой муддатда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган узум ва мева-резаворлардан тайёрланган табиий равишда ачитилган табиий вино (этил спирти қўшилмаган ҳолда) ва кўпикланадиган винонинг 1 далига акциз солиғини 1 сўм этиб белгилаш бўйича Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж. Ходжаев) Молия вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорга 1-иловадаги узум плантациялари ташкил этишни молиялаштириш учун келгуси уч йилда ҳар йили халқаро молия институтларининг 100 миллион доллардан имтиёзли кредитларини жалб этиш чораларини кўрсин.
15. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж. Ходжаев) Инновацион ривожланиш вазирлиги (И. Абдурахманов) билан биргаликда:
бир ой муддатда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази илмий-тадқиқот институтларининг ер майдонларида камида 500 гектар тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган, уруғсиз, совуққа чидамли, экспортбоп ва пайвандтагли узум кўчатлари етиштиришни;
2021-2022 йилларда узумнинг ҳосилдорлиги юқори, совуққа ва касалликка чидамли ҳамда данаксиз янги навларини яратиш мақсадида Россия, Чили, Туркия, Италия ва бошқа мамлакатларнинг илмий муассасалари билан ҳамкорликни ташкил этсин;
янгидан ташкил этиладиган токзорларга мақсадли кўрсаткичлар асосида субсидия ажратиш механизмларини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
16. Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда узумнинг вируслардан ҳоли, сертификатланган, уруғсиз, совуққа чидамли, экспортбоп, янги навларини яратиш, уларнинг кўчатзорларини ташкил этиш, зараркунанда ҳамда касалликларга қарши курашиш, инновацион технологияларни жорий қилишга оид грантлар танловини эълон қилсин.
17. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А. Тошқулов) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж. Ходжаев) билан биргаликда 2021 йил якунига қадар Жиззах давлат университети ҳамда Фарғона давлат университетида узумчилик ва виночилик ривожланган хорижий давлатлар олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма факультет ташкил этсин.
18. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А. Воитов) халқаро маркетинг компанияларини жалб қилган ҳолда маҳаллий хўраки узум навлари, майиз ва табиий винонинг миллий бренд сифатида Хитой, Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Европа давлатлари ва бошқа мамлакатларга экспортини ташкил этиш мақсадида:
хориждан малакали маркетологларни жалб қилсин;
ҳар бир ҳудудда салоҳиятли экспортёрларни аниқлаб, уларнинг маҳсулот етиштирувчилар билан ўзаро ишонч ва шартномавий муносабатларга асосланган тизимли ҳамкорлигини йўлга қўйсин;
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг хориждаги бўлинмалари, савдо-иқтисодий масалалар бўйича котибларни жалб қилган ҳолда хорижий давлатларнинг улгуржи савдо ташкилотлари билан маҳсулот харидига доир битимлар тузилишини ташкил этсин;
узум ва узум маҳсулотлари экспортини ривожлантиришга қаратилган бошқа тадбирларни назарда тутувчи 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, унинг ижросини таъминласин.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги (И. Эргашев) кўрсатиб ўтилган мамлакатларга маҳаллий хўраки узум навлари ва майизни экспорт қилиш бўйича музокаралар ўтказсин ҳамда мавжуд талабларни тадбиркорлик субъектларига етказиш чораларини кўрсин.
19. Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
20. «Эл-юрт умиди» жамғармаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 мартга қадар илмий ходимлар, соҳа мутахассислари ҳамда узум етиштирувчилар ва қайта ишловчиларни «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳамда халқаро молия институтлари грант маблағлари ҳисобига узумчилик ривожланган хорижий мамлакатларга узоқ ва қисқа муддатли стажировка, малака ошириш ва ўқишга юбориш чораларини кўрсин.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Агрохизматлар марказлари учун етук кадрларни тайёрлаш, уларни доимий малакасини ошириш орқали кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан узумчилик йўналишидаги мутахассисларнинг хорижий мамлакатларда малакасини мунтазам равишда оширишни таъминласин.
21. Аҳоли саломатлигини таъминлаш, алкоголдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш, техник талабларга жавоб бермайдиган, ноқонуний ва қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотлари айланмасига қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида Алкоголь маҳсулотларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш ва уларнинг айланмасига қарши курашиш Кенгаши (кейинги ўринларда — Кенгаш) 5-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин. Бунда, Давлат солиқ қўмитаси Кенгашнинг ишчи органи этиб белгилансин.
Кенгашга қуйидаги вазифалар юклатилсин:
назорат қилувчи ва бошқа ваколатли давлат органларининг маҳсулотларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва реализация қилишнинг олдини олишга қаратилган фаолиятини мувофиқлаштириш;
ваколатли органлар томонидан ишончли маълумотлар мавжуд бўлган ҳолларда тегишли рухсатномаларсиз ишлаб чиқарилган ёки сотилаётган, акциз маркалари бўлмаган ёки қалбакилаштирилган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини аниқлаш тадбирларини ишлаб чиқиш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга корхоналар томонидан ноқонуний, қалбаки, қўлбола ва сифатсиз маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳолатлари аниқланган тақдирда, уларга нисбатан лицензияни бекор қилишгача бўлган таъсир чоралари кўрилиши бўйича таклифлар киритиш;
алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ҳамда алкоголь маҳсулотлари савдо ташкилотларидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тушишини таҳлил қилиб, келгусидаги ҳаракат дастурларини белгилаш.
22. Агентликнинг тузилмасида мавжуд штат бирликлари доирасида соҳага инновацияларни жалб этиш, саноатни ривожлантириш, вино туризми, ташқи иқтисодий фаолият ва инвестиция бўйича директор ўринбосари лавозими жорий этилсин. Унга энотуризмни ривожлантириш, соҳага оид инновацияларни, илмий-техник ютуқларни кенг жалб қилиш вазифаси юклатилсин.
23. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига мазкур қарорнинг ижроси бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг ахборотларини ҳар чорак якуни билан Сенат ва тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг мажлисларида эшитиб боришни ташкил қилиш тавсия этилсин.
24. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А. Ходжаев), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А. Хаджаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А. Кўчимов) Агентлик билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифаларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
25. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 6-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
26. Агентлик Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
27. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлашда масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари А.М. Тўраев ва Агентлик директори Р.М. Бобоев белгилансин.
Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосарлари Ш.М. Ғаниев, Ж.А. Қўчқаров, С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2021 йил 28 июль,
ПҚ-5200-сон