ҲАР БИР МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН ТАҚДИРИ!
- 2021-07-03
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шартлиги белгилаб қўйилган.
Фуқароларнинг мурожаатлари мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади. Шунингдек, аҳолининг давлат органлари билан муносабатга киришларининг ҳуқуқий тартиби ушбу қонун билан тартибга солинган бўлиб, кўзда тутилган қоидалар барча давлат органлари, давлат иштирокидаги ташкилотларга ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун бирдек амал қилади.
Ушбу Қонун давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Қонунга мувофиқ, бугунги кунда шахсларнинг мурожаатлари қонунийлик, ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш, мурожаатларга нисбатан талабларнинг бир хиллиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансалорликка йўл қўйилмаслиги, мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари, ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари фаолиятининг шаффофлиги тамойиллари асосида амалга оширилмоқда.
Қонунчиликда ҳар бир шахснинг давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга ошириш бошқа шахслар ва жамият ва давлатнинг манфаатлари ҳам ҳисобга олинган бўлиб, жавобгарлик масалалари ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Мамлакатимизда “мурожаат”нинг оғзаки, ёзма ёки электрон шакллари бўлиб, буни амалга ошириш учун ҳуқуқий асослар билан биргаликда, зарур шарт-шароитлар, жиҳоз ва технологиялар мавжуд. Мурожаатлар ариза, таклиф ёки шикоят тарзида берилади.
Мурожаатларнинг шакли, туридан қатъи назар ҳуқуқий жиҳатдан тенг ҳисобланади. Келиб тушган мурожаатлар тегишли давлат органи томонидан ёки мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича маъсул шахс томонидан кўриб чиқилади. Давлат органлари ва ташкилотларнинг ваколатли шахслари томонидан жойларда сайёр қабуллар ташкил этилиши ҳам мумкин.
Мурожаатларни кўриб чиқиш ва ижобий ҳал этиш қонунчиликда белгиланган тегишли ҳуқуқий асослар, тартиб ва муддатларда амалга оширилади. Жумладан, ариза ёки шикоят 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш, текшириш, ёки қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилган ҳолларда бир ойгача муддатда кўриб чиқилиши мумкин. Қонунчиликка мувофиқ, муддат тегишли давлат органининг раҳбари томонидан кўпи билан бир ой муддатга узайтирилиши назарда тутилган. Таклиф бир ойгача бўлган муддатда ўрганилиб, кўриб чиқилади.
Амалдаги қонунчиликка асосан, аноним мурожаатлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, шунингдек, мазкур Қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар кўриб чиқилмайди.
Мурожаатлар кўрмай қолдирилганда тегишли хулоса тузилади, у давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари ёки уларнинг ваколат берилган мансабдор шахси томонидан тасдиқланади.
Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли мурожаатлар кўрмай қолдирилганлиги тўғрисида мурожаат қилувчи тегишли тартибда хабардор қилинади.
Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Хусусан, мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, худди шунингдек туҳмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат берганлик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Хулоса ўрнида қайд этиш керакки, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат қилиши уларнинг конституциявий ҳуқуқи ҳисобланиб, ундан ҳар бир шахснинг тенг фойдаланиш имконияти тўлиқ йўлга қўйилган. Бугунги кунга келиб, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил давлат ва жамият ҳаётига татбиқ этилди. Зеро, инсонларни мурожаат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқ билан таъминлаш демократик жамиятда олий қадрият сифатида эътироф этилади.
Шу жиҳатдан, бошқарма томонидан Хоразм вилоятининг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётига оид танқидий-таҳлилий ва кенг муҳокама қилинаётган ахборот материалларига амалдаги конунчиликка мувофиқ тезкорлик билан муносабат билдириш тизими йўлга қўйилган. Бу борада давлат идора ва ташкилотларининг ахборот хизматлари иши мунтазам равишда мувофиқлаштирилиб, назорат қилиб борилмоқда.
Сардор АИТБАЕВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Хоразм вилояти бошқармаси бош мутахассисич