ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШДА ФУҚАРОЛАРГА ВА ТАДБИРКОРЛАРГА ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИЛМОҚДА
- 2021-09-10
Фармонга кўра, 2021 йил 1 ноябрдан:
➖ “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали давлат хизматларини кўрсатишда давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади (тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахслар вакили сифатида мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно);
➖ Давлат хизматлари марказлари, “Лицензия” ахборот тизими ҳамда ЯИДХП орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари белгиланган муддатидан
3 иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганда, ариза берувчиларнинг мурожаатларига асосан, хизматдан фойдаланиш учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг 50 фоизи уларга 1 иш кунида қайтарилади. Бунда ариза берувчига тегишли давлат хизмати тўлиқ ҳажмда кўрсатилади.
2021 йил 1 декабрдан:
чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга
электрон рақамли имзо калити сертификатларини Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан бериш орқали электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имкони яратилади.
Фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 январдан Ўзбекистон фуқароси, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картаси ҳамда Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш, шу жумладан давлат хизматлари марказлари орқали амалга ошириш йўлга қўйилади.
Фармон билан қуйидагилар тасдиқланди:
Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали босқичма-босқич жорий этиладиган давлат хизматлари рўйхати (87 та);
2022 йил 1 январдан кўрсатиш муддатлари қисқартириладиган давлат хизматларининг айрим турлари рўйхати (59 та).
2022 йил 1 январдан давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлардан қуйидагиларни талаб қилиш бекор қилинади:
фактларни тасдиқловчи маълумотларни:
- тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома маълумотларини;
- лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқнома мавжудлиги бўйича маълумотларни;
- давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганлиги тўғрисида маълумотларни;
- қимматли қоғозлар, қимматли қоғозлар билан амалга оширилган операциялар, дивидендлар олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни;
- кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олинганлиги тўғрисида маълумотларни;
- жисмоний шахслар томонидан тўланган ва олинган алиментлар тўғрисида маълумотларни;
- олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотларини;
- жисмоний шахс ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотларни;
- жисмоний шахс умумий ўрта таълим (11-синф негизида) муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотларни;
- фуқаро “Ёшлар дафтари” ёки “Аёллар дафтари”да мавжудлиги тўғрисида маълумотларни;
- ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотларни;
- олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисида маълумотларни;
қуйидаги ҳужжатларни:
- молиявий ҳисоботлар нусхаларини;
- жисмоний шахсларнинг охирги 12 ойдаги иш ҳақини тасдиқловчи маълумотномаларни;
- ижтимоий нафақа ва пенсиялар тўланганлиги тўғрисидаги маълумотномаларни.
Бунда, ушбу ҳужжат ва маълумотлар тегишли масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олинади.
2021 йил 1 декабрдан:
чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга электрон рақамли имзо калити сертификатларини Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан бериш орқали электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имкони яратилади;
Ўзбекистонда доимий яшамайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами соддалаштирилган тартибда туман (шаҳар) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида ҳамда давлат хизматлари марказларида амалга оширилади;
лицензия, рухсатнома, сертификат ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг дубликатини бериш учун миллий валютада белгиланган тўловлар БҲМнинг 10 фоизигача миқдорда белгиланади (қонунчилик ҳужжатларида тўловлар белгиланмаган ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизидан кам миқдорда белгиланган ҳоллар бундан мустасно).
2022 йил 1 январдан жисмоний шахсларга айрим фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи малака сертификатларини бериш ҳамда уларни ушбу мақсадда аттестациядан ўтказиш учун мурожаатлар электрон шаклда қабул қилинади.
Бунда имтиҳон жараёнлари узлуксиз видеотасвирга (овозли) туширилади ва видеотасвир камида бир йил сақланади.
2021 йил 1 ноябргача “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш ягона ахборот тизимининг (OneID) янги талқини ҳамда унинг мобиль иловаси ишлаб чиқилади.
Бунда, масофавий идентификация қилишни йўлга қўйиш, давлат хизматидан фойдаланишда шахсни мобиль алоқа телефони орқали тасдиқлаш, давлат хизматларини кўрсатиш ҳолати тўғрисида абонентларга SMS-хабар юбориш имконияти яратилади.
2022 йил 1 январдан Тошкент шаҳрида, 2022 йил 1 июлдан эса бутун республика ҳудудида ўлимни қайд қилиш бўйича қуйидагилардан иборат композит хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилади:
тиббиёт бирлашмаси ходими вафот этганлик тўғрисидаги маълумотномани расмийлаштириб, “Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали электрон шаклда ФҲДЁ органига юборади;
ФҲДЁ органи маълумотнома келиб тушгандан сўнг 1 иш куни мобайнида шахснинг ўлимини “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимида қайд қилиб, QR-код орқали тасдиқлайди;
ФҲДЁ органи вафот этган шахснинг яқин қариндошлари аризасига асосан уларга вафот этганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини гербли гувоҳномада экстерриториал тамойил асосида расмийлаштириб беради ёки почта алоқаси орқали аризада кўрсатилган манзилга юборади.
2022 йил 1 январгача “автомобиль тарихи” маълумотларини (давлат рўйхатидан ўтказилган санаси, юрган масофаси, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилганлиги, йўл транспорт ҳодисаси содир этилганлиги ва бошқалар ҳақида) автомототранспортларга берилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси орқали шартномавий асосда давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП орқали аниқлаш давлат хизмати йўлга қўйилади.
2021 йил 1 декабргача коммунал тармоқлардаги барча рақамлар
(газ, электр, иссиқ сув, ичимлик суви, канализация, чиқинди) жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига ва юридик шахсларнинг солиқ тўловчининг идентификация рақамига боғланиши таъминланади ҳамда бу орқали ҳар бир шахсга “ягона мижоз” тамойили асосида уникал рақамдан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатилади.