“Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди
- 2021-12-13
Маъумки Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 26 ноябрда “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Қонун 7 та боб ва 34 та моддадан иборат. Мазкур Қонун билан ноширлик фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат эканлиги белгиланди:
– ноширлик фаолиятининг эркинлиги;
– китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва ошириш;
– муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
– ноширлик фаолияти эркинлигини суистеъмол қилишга йўл қўймаслик.
Қонунга кўра, ноширлик фаолияти субъектлари ўз фаолиятида мустақилдир.
Нашрга тайёрланган қўлёзмаларни ва материалларни цензурадан ўтказишга йўл қўйилмайди.
Фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, мазмунига кўра уларнинг шахсий ҳаётига аралашув деб қаралиши мумкин бўлган нашрларни ҳамда ноширлик маҳсулотини чиқариш ва тарқатиш тақиқланади.
Ноширлик фаолияти соҳаси Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тартибга солинади.
Қонунга кўра, ноширлик фаолиятининг субъектлари қуйидагилардан иборат:
нашриёт;
тайёрловчи;
буюртмачи;
тарқатувчи.
Ноширлик фаолияти хабардор қилиш тартибида амалга оширилади.
Қуйидаги ҳолларда хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш талаб этилмайди:
давлат органлари, марказий муассасалар, судлар, прокуратура органлари томонидан расмий материаллар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламларини нашр этишда;
республика аҳамиятига эга нодавлат ва нотижорат ташкилотлари, шунингдек ташкилотлар, таълим ва илмий муассасалар томонидан ўз фаолияти учун зарур бўлган, оммавий равишда тарқатиш ёки қўлёзма ҳуқуқи асосида кўпайтириш учун мўлжалланмаган материалларни нашр этишда;
оммавий ахборот воситалари ушбу ОАВ таҳририятлари томонидан чоп этилганда.
Ноширлик маҳсулотлари тарқатувчи томонидан шартномалар асосида тарқатилади.
Наврўз САПАРБАЕВ,
АОКА Хоразм вилояти бошқармаси бош мутахассиси