“Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлигининг 30 йиллиги мунасабати билан “Байроғим – фахрим” шиори остида маънавий тадбир бўлиб ўтди

  •  2021-11-18
“Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлигининг 30 йиллиги мунасабати билан “Байроғим – фахрим” шиори остида маънавий тадбир бўлиб ўтди

Юртимнинг озодлиги нишонаси сен,
Кўкларда порлаган ўзбек ғурури,
Ватан ифтиҳори кошонаси сен,
Байроқ! Сенсан халқимнинг номуси ори.

1991 йил 18 ноябрь биз – Ўзбекистон фуқаролари учун қадрли ва унутилмас кунлардан биридир. Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII Сессиясида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Ушбу сана муносабати билан куни кеча Хоразм вилояти божхона бошқармасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят Маънавият ва маърифат маркази Урганч шаҳар бўлинмаси бош мутахассиси Зухра Хаитбоева ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Бекмурод Усмановлар иштирок этди.

Тадбирни вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Мухтар Уразалиев очиб берар экан, давлат рамзлари – байроқ, герб, мадҳиямизда буюк ўтмиш ва юксак маданиятга эга бўлган халқимизнинг шон-шарафи, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва келажак сари интилишлари мужассамлиги тўғрисида сўз юритди.

Дунёда давлат байроқлари кўп, лекин улар ичида Ўзбекистон байроғи энг кўркам ва чиройлисидир. Негаки, у қалбимиз, руҳимизга туташдир. Унда олам-олам маънолар мужассам. Байроқдаги навқирон ярим ой тасвири, 12 юлдуз тасвирида ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши ифода этилган. Ундаги мовий ранг – тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва оби-ҳаёт рамзидир. Тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Қизил чизиқлар эса вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатиб туради дейди – вилоят Маънавият ва маърифат маркази Урганч шаҳар бўлинмаси бош мутахассиси Зухра Хаитбоева.

Тадбир давомида ёзувчилар уюшмаси аъзоси Бекмурод Усманов байроғимиз - у инсонга куч ва қудрат бахш этиши, мақсадни тарбиялаши. Ўз навбатида ғурур билан байроқни кўтарган инсон минглаб қалбларга байроқ тика олиши ҳақида таъкидлаб, ўзининг янги шеърлари билан  иштирокчиларни хушнуд қилди.

Шунингдек, тадбирда божхона ходимлари ҳам фаол иштирок этишиб, ҳарбий хизматчиларнинг Ватан байроғи пойида тиз чўкиб, муқаддас Она тупроғини матонат ва садоқат билан ҳимоя қилишга қасамёд қилиши бежиз эмаслиги. Байроқ жасорат, ғурур, фидойилик, ор-номус мактаби эканлигини билдиришди.

Яна тарихий манбаларни варақлар эканмиз: “Жалолиддин Мангуберди ўзидан сон жиҳатдан устун мўғуллар қуршовини ёриб чиқиб от билан ўзини дарёга ташлайди. Бир қўлида от тизгини, бир қўлида юрт байроғи! Шунда Чингизхон ношуд ўғилларига қарата ўкинч билан шундай дейди: “Фақат бахтли отагина шундай ўғилга эга бўлади!”

“Мўғуллар Гуржанчни қамал қилдилар. Гарчи Чингизхон бир неча маротаба 76 ёшли шайхга элчи юбориб, унинг саломат қолишига кафолат бериб қалъани тарк этишга даъват этса-да, Нажмиддин Кубро “киндик қоним тўкилган, менга меҳр-муҳаббат кўрсатган Ватаним учун курашиб ўлиш ҳуқуқини мендан ҳеч ким тортиб ололмайди”, дея бу таклифни рад этади.

У Ватан байроғини баланд кўтариш баробарида ўзи ҳам байроққа айланади. Ватан ишқи, озодлиги йўлидаги инсоний бурч умрида ҳатто ўнлик лашкарни ҳам бошқариб кўрмаган буюк олим, донишманд Нажмиддин Куброни мўғулларга қарши қаҳрамонона жангга отланган қўрқмас қўмондон, мард жангчига айлантиради. “Ё Ватан, ё шарафли ўлим!” дея элга бош бўлиб шаҳар мудофаасини ташкил этишга отланади.

Бу жанг она Ватанимиз тарихидаги энг шонли, шунингдек, энг фожиали саҳифалардан бири бўлди. Шайхнинг даъвати мудофаачилар қалбидаги ўлим ва мардлик тушунчаларини уйғунлаштириб юборади. Шаҳарда тирик жон борки, мудофаачига айланди. Шайх душман байроғига чанг солганча ҳалок бўлади”. Таъбир жоиз бўлса, ўша пайтда Нажмиддин Кубро учун давлати, замини, халқи бир байроқ эди...

Байроқ олдида қасамёд, байроқ олдида тиз чўкиб уни ўпмоқ, бу – Ватанга эъзоз, бу Широқ, Тўмарис, Маҳмуд Торобий, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, саркарда Алимқул каби ватанпарвар ва енгилмас аждодлар руҳига эъзоздир!

Асл ватанпарварлар байроқни эъзозлаш орқали бурч поғонасидан шараф шоҳсупасига кўтариладилар.

Хоразм вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати