Фармон ижроси амалда: Хоразмда “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости фаолияти йўлга қўйилди
- 2021-10-22
Мамлакатимизда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 сентябрдаги “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6310-сон Фармонига мувофиқ, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб Давлат божхона қўмитасининг Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари бўйича бошқармаларида “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари ташкил этиш белгиланган эди.
Мазкур Фармон ижросидан келиб чиқиб, Хоразм вилояти божхона бошқармасида “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости ўз иш фаолиятини бошлади.
Янги ташкил этилган божхона пости 2021 йил 1 октябрдан воҳада фаолият юритаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан тақдим этилган электрон божхона юк декларацияларининг масофавий божхона расмийлаштирувини амалга оширмоқда.
Божхона постида жорий йилнинг 1 октябрь кунидан 20 октябрь кунига қадар жами 718 та божхона юк декларацияси, шундан 197 таси “қизил”, 342 таси “сариқ” ва 211 та “яшил” йўлакларга (218 таси ёки 30,0 фоизи экспортга, 500 таси ёки 70,0 фоизи импортга) расмийлаштирилди.
Шунингдек, божхона постида ходимларни самарали иш олиб бориши учун замонавий компьютер, алоқа, сканер ва чоп этиш қурилмалари, зарур мебел ва инвентарлар ҳамда ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ва “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости билан видеомулоқот тизимини жорий қилиш мақсадида телевизор ва веб-камералар билан жиҳозланди.
Хулоса ўрнида, иқтисодиётнинг узвий бир бўлаги бўлган “рақамли божхона” юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларда муҳим аҳамият касб этади.
Содда қилиб айтганда, бугун божхонада замонавий рақамли технологияларни қўллаш эвазига товар ва транспорт воситалари қанчалик тез чиқариб юборилса, маҳаллий ишлаб чиқариш, экспорт-импорт операциялари шунчалик шиддатли тус олади.
Хоразм вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати