ҒОЙИБДАН КЕЛАЖАК БАХТ-БИР АФСОНА
- 2021-06-29
Миллийлик-гўзал маънавият
ҒОЙИБДАН КЕЛАЖАК БАХТ-БИР АФСОНА
Бебаҳо неъмат бўлмиш фарзандларимиз бор экан, инсонлар доимо келажакни ўйлаб, орзу-ҳаваслар билан яшайди. Таъбир жоиз бўлса, фарзанд бебаҳо неъмат, Яратган томонидан ҳадя этилган беназир имтиёз.
Ўғил-қизларимизни ниҳолга қиёслаймиз. Ниҳол ҳам ўз вақтида парвариш қилинса, эртага гуркираб ўсади, атрофдагиларга хайр беради. Оилада муносиб вояга етган болаларнинг эртага ота-онасига, жамиятга фойдаси тегади.
Мамлакатимизда қўлга киритилаётган зафарлар, юксалишлар, тараққиёт жараёни оилаларнинг маънавияти, бойлиги, тинчлиги билан чамбарчас боғлиқ. Оила аъзоларимиз ҳар томонлама соғлом, юксак одоб-аҳлоқли, маданиятли, ўзаро тинч ва аҳил яшасалар бу жамият ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Хусусан, эр-хотин бир-бири билан қанчалик меҳр-муҳаббатли бўлишса, у фарзандлари тарбиясида шак-шубҳасиз ўз ифодасини топади.
Барча-барча эзгуликларнинг боши оиладан бошланади. Инсоннинг келажаги, умрнинг мазмун-моҳияти муқаддас оила гўшасида шаклланади. Шунинг учун ҳам инсоннинг тақдири, келажак ҳаётидаги ютуқлари ёки муваффақиятсизлиги, бахтли ёки бахтсизлиги, касб-ҳунар танлаши, ҳаттоки кайфияти, унинг оилавий муҳитига боғлиқ. Оиланинг тақдири эса инсоннинг ўзига боғлиқ. Оилаларнинг маънавий-ахлоқий қиёфаси аждодларимиздан бизга ўтган билим ва тажриба, маданий қадриятлар асосида ва замондошларимиз эришган ютуқлари негизида барпо бўлади.
Оилалардаги соғломлик масаласи ҳар бир инсоннинг турмуш тарзини қай даражада шакллантирганига боғлиқ. Соғломлик деганда жисмонан ва маънан саломатликни назарда тутаётганимизни ҳурматли ўқувчи яхши тушунаётган бўлса керак. Шунингдек, ўғил-қизларимизнинг ҳар томонлама камолот эгаси бўлишлиги бу ҳар бир ота-онанинг, оиланинг, қолаверса жамиятнинг беназир бахти-саодати.
Кези келди, оилада соғлом турмуш тарзи тушунчасига қисқача изоҳ берайлик. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, соғлом турмуш - бу инсон умрини қисқартиришга олиб келувчи турли хил хасталиклар ва уларнинг сабабларини, шунингдек, зарарли одатларнинг олдини олишга қаратилган фаол ҳаракатлардан ташкил топган ҳаёт тарзидир.
Соғлом турмуш тарзини шаклантириш ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Унинг 6 та муҳим талаблари мавжуд бўлиб, бу тамойишллар кишининг умрини янада узайтиришга, фаоллаштиришга олиб келаркан. Тўғри ва рационал овқатланиш, ҳаракатли турмуш, бадан тарбия, жинсий тарбия, руҳий осойишталикни таъминлаш, зарарли одатлардан тийилиш, шахсий ва жамоат гигиенасига амал қилиш шулар жумласига киради.
Статистик маълумотларга қараганда инсон саломатлиги қуйидаги омилларга боғлиқ; соғлом турмуш тарзига 55 фоиз, ирсиятга 18 фоиз, атроф-муҳитга 17 фоиз, соғлиқни сақлаш ишлари аҳволига 10 фоиз даҳлдор бўларкан.
Таниқли шоир ва ёзувчи Ғофур Ғуломнинг “Тақдирин қўл билан яратар инсон, ғойибдан келажак бахт–бир афсона” деган пурмаъно сўзлари нақадар ҳақиқат. Инсон барча мавжудотлар ичида ақл эгаси ва қудратли бўлгани учун ҳам ҳамма ишнинг уддасидан чиқаолади.
БАҒРИКЕНГЛИК
Инсон танаси ва вужуди тўрт унсурдан ташкил топган дейишади. Сув, тупроқ, осмон, ва олов. Улар ичида инсонга энг яқини- тупроқ. Инсонга тупроқ каби саховатлилик, камтаринлик, бағрикенглик сифатлари буюрилган.
Ўзингиздан ортиб бировга ўзингизни бахш этишга куч топиш, ўз болангиздан ортиб, ўзганинг боласига ширин сўз айтиш, ўз уйингиздан ортиб, ўзганинг хонадони ҳам тинч ва обод бўлиши учун ҳаракат килиш бу бизнинг бағрикенглигимиз ифодаси.
Шу ўринда одоб-аҳлоқ бобидаги бағрикенглик тушунчаларига тўхталайлик. Зеро, аҳлоқ- киши турмуш тарзининг тарозисидир. Инсон гўзал хислатлари, покиза умидлари билан комилликка, яъни комолотга интилиб яшайди. Инсоннинг азиз ва мукаррам бўлиши унинг олган тарбиясига боғлиқ. Шунинг учун бола одобни энг аввало ўз ота-онасидан ўрганади. Фарзанд ота-онасининг хатти-ҳаракатларини, ўзаро муносабатларини синчковлик билан кузатади ва бевосита ўзлаштириб олади. Қисқача айтганда, у ота-онадан андоза олади.
Миллий урф-одатларимизга кўра ҳар бир оилада ички одоб-ахлоқ қоидалари мавжуд. Бу қоидалар болаларимиз таълим-тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади. Уйқудан барвақт уйғониш, эрталабдан уй тозалаб, ҳовли супуриш, сув сепиш ўзбек хонадонларида яхши анъанага айланган. Онам ёшлигимда “Қизим эрта уйғон, тонг сахарда Оллоҳ рисқ улашади, шу насибадан мосуво бўлма” дер эрдилар. Барвақт турилган куни иш ёки ўқишнинг унумли, кайфиятнинг яхши бўлиши кузатилган.
Ўз оилангиз юмушларидан ортиб бировларга, айниқса тарбияга муҳтож ён қўшнингиз болаларига ҳам эзгулик ва яхшиликлар улашиш ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Ёмон хулқли бола сизнинг болангизга таъсирини ўтказиши мумкин, деган хавотир кўнглингизга кечганми? Ваҳоланки, ўз болангиздан ортиб, ўзганинг фарзанди ҳам одобли бўлиши учун фидиойилик кўрсатиш, ўзингни ўзгага бахш етиш энг буюк қадрият. Бу қадрият бизнинг миллий бағрикенглигимиздир.
АЁЛ ЮЗГА КИРСА ҲАМ...
Бизда ҳар бир оила одобларига кўра келинчак ҳар куни эрталаб ховлини, уй атрофини чиннидек қилиб супуради, тозалайди. Кези келганида ён қўшнисининг эшигини ҳам илон ялагандек қилиб қўяди. Ён қўшнимиз Марямжон опанинг келини Жамилахон, Клара опанинг келини Гулруҳ келин бўлиб тушишди-ю, кўчамиз ҳамиша топ-тоза турадиган бўлди. Келинлар эшик олдиларини басма-бас ҳар кун супуриб-сидиришади, сув сепишади. Ўтган-кетган қариялар шу хонадон келинига раҳматларини изҳор этишдан чарчашмайди. Бу жуда чиройли одат…
Келин бўлмаса-чи. Қиз бола нега супурмаслиги керак? Нега баъзи онахонларимиз бу одатни қизига ўргатишмайди. Қизларимиз ҳовли супуришдан ор қилишадими?
Баъзан келин энди эскирди, ҳовли супуришга вақти йўқ, бола-чақасидан ортмаяпти, деган гапларни ҳам эшитиб қоламиз. Биз эскирмаймиз, бизнинг урф-одатларимиз ҳам эскирмайди, улар узлуксиз давом этаверади. У жамият ривожи билан бирга тараққий этаберади. Энг муҳими, шу хонадонда доимо саранжом-саришталик, озодалик, тартиб ва интизом хукм суриши керак. Оғзибирчилик бор жойда ҳар хил баҳоналарга ўрин йўқ. Аёл юзга кирса ҳам, ҳовли супурилиши, шу хонадон доимо сариштали, покиза турмоғи керак. Бетакрор, гўзал анъаналаримизнинг эса умри боқийдир.
Онам раҳматлик 93 ёшга кирганларида саксондан ошган ва етган Соражон, Ёрқинжон, Қурбонжон, Олтинжон овсинлари кўришга келганларида, хоразмчасига таъзим қилиб, салом беришарди. Онамнинг кейинги пайтларда кўзлари узоқдан кўрмасалар-да овсинлари ҳурмат қилишаётганини сезиб, уларни эркалаб, чақирардилар. “Саражон, келинг, ўзим айланай, сочингиз торича умр берсин, сизга” дердилар. Бу нақадар гўзал ва бетакрор қадрият, хуш миллий-маънавият.
Бизнинг саъий ҳаракатларимиз туб негизида ўғил-қизларимизнинг соғлом униб-ўсишлари, бахтли ва саодатли ҳаёт кечиришлари йўлидаги эзгу ниятлар турибди. Зеро, ҳар томонлама соғлом инсонлардан етук ва зуваласи пишиқ, камолотли фарзандлар дунёга келади. Яхши таълим-тарбия кўрган хонадонларда эса элга, халққа ҳалол хизмат қилиб, муҳтарам, ҳурматли бўладиган инсонлар вояга етади.
Дилбар БЕКЧАНОВА,
журналист.