Ҳар бир мурожаат эътиборда
- 2021-01-26
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддаси: Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.
Ўзбекистон Республикасида ҳар бир шахснинг давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқи конституциявий норма асосида мустаҳкамлаб қўйилган. Миллий қонунчилигимизда аризалар, таклифлар ва шикоятлар белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шартлиги белгилаб берилган.
Фуқароларнинг мурожаатлари мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади. Шунингдек, аҳолининг давлат органлари билан муносабатга киришларининг ҳуқуқий тартиби ушбу қонун билан тартибга солинган бўлиб, кўзда тутилган қоидалар барча давлат органлари, давлат иштирокидаги ташкилотларга ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун бирдек амал қилади.
Ушбу Қонун давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Қонунга мувофиқ, бугунги кунда шахсларнинг мурожаатлари қонунийлик, ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш, мурожаатларга нисбатан талабларнинг бир хиллиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансалорликка йўл қўйилмаслиги, мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари, ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари фаолиятининг шаффофлиги тамойиллари асосида амалга оширилмоқда.
Қонунчиликда ҳар бир шахснинг давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга ошириш бошқа шахслар ва жамият ва давлатнинг манфаатлари ҳам ҳисобга олинган бўлиб, жавобгарлик масалалари ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Мамлакатимизда “мурожаат”нинг оғзаки, ёзма ёки электрон шакллари бўлиб, буни амалга ошириш учун ҳуқуқий асослар билан биргаликда, зарур шарт-шароитлар, жиҳоз ва технологиялар мавжуд. Мурожаатлар ариза, таклиф ёки шикоят тарзида берилади.
Хусусан, ариза - ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат;
- таклиф - давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат;
- шикоят - бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат.
Мурожаатларнинг шакли, туридан қатъи назар ҳуқуқий жиҳатдан тенг ҳисобланади. Келиб тушган мурожаатлар тегишли давлат органи томонидан ёки мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича маъсул шахс томонидан кўриб чиқилади. Давлат органлари ва ташкилотларнинг ваколатли шахслари томонидан жойларда сайёр қабуллар ташкил этилиши ҳам мумкин.
Мурожаатларни кўриб чиқиш ва ижобий ҳал этиш қонунчиликда белгиланган тегишли ҳуқуқий асослар, тартиб ва муддатларда амалга оширилади. Жумладан, ариза ёки шикоят 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш, текшириш, ёки қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилган ҳолларда бир ойгача муддатда кўриб чиқилиши мумкин. Қонунчиликка мувофиқ, муддат тегишли давлат органининг раҳбари томонидан кўпи билан бир ой муддатга узайтирилиши назарда тутилган. Таклиф бир ойгача бўлган муддатда ўрганилиб, кўриб чиқилади.
Амалдаги қонунчиликка асосан қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:
- аноним мурожаатлар;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;
- мазкур Қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.
Мурожаатлар кўрмай қолдирилганда тегишли хулоса тузилади, у давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари ёки уларнинг ваколат берилган мансабдор шахси томонидан тасдиқланади.
Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли мурожаатлар кўрмай қолдирилганлиги тўғрисида мурожаат қилувчи тегишли тартибда хабардор қилинади.
Мурожаатлар давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан кўриб чиқилаётганда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатни кўриб чиқишнинг бориши тўғрисида ахборот олиш, важларни шахсан баён этиш ва тушунтиришлар бериш, мурожаатни текшириш материаллари ва уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш, қўшимча материаллар тақдим этиш ёки бундай материалларни бошқа органлардан талаб қилиб олиш тўғрисида илтимос қилиш, адвокат ёрдамидан фойдаланиш, мурожаатни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида ёхуд мурожаатга жавобни тушунтириш ва (ёки) уни тузатиш тўғрисида илтимос қилиш, ўз мурожаатини у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда мурожаат бўйича қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш йўли билан чақириб олиш, мурожаатни қабул қилишни ёки кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этганлик устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқларига эга.
Мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органи, ташкилот ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатни кўриб чиқиш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш, мурожаат қилувчи ёки бошқа шахс йўқлигида мурожаатни кўриб чиқиш мумкин бўлмаганда ёхуд мурожаатни эшитиш учун уни чақириш, била туриб ёлғон маълумотлар кўрсатилган мурожаатни текшириш сабабли етказилган харажатларнинг ўрнини қоплаш тўғрисида судга мурожаат қилиш ҳуқуқларига эга.
Давлат органи, ташкилот ва уларнинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Давлат органи, ташкилот ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши, мурожаат қилувчига унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини, агар улар давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир бўлган маълумотларни ўз ичига олмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, таъминлаши, мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг ёзма ёхуд электрон шаклда дарҳол хабар қилиши, оммавий қабуллар вақтида тушган ва жойида ҳал қилинган оғзаки мурожаатлар бундан мустасно, мурожаат юзасидан қабул қилинган қарор устидан, агар жисмоний ёки юридик шахс ушбу қарорга рози бўлмаса, шикоят бериш тартибини тушунтириши, мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра қабул қилинган қарорнинг ижросини назорат қилиши, қонунга хилоф ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) бартараф этиш юзасидан дарҳол чора-тадбирлар кўриши, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабаблар ва шароитларни ўз ваколатлари доирасида аниқлаши, жисмоний шахс, унинг вакили, уларнинг оила аъзолари, юридик шахс, унинг вакили ва юридик шахс вакилининг оила аъзолари уларнинг мурожаатлари сабабли таъқиб этилишини белгиланган тартибда бартараф этиши, агар жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши натижасида моддий зарар ёки маънавий зиён етказилган бўлса, қонунда белгиланган тартибда моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ёки маънавий зиённи компенсация қилиш чораларини кўриши шарт.
Жисмоний ёки юридик шахснинг аризаси, шикояти ана шу мурожаатлар бўйича қонунга хилоф қарорлар қабул қилган давлат органи, ташкилот ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қаноатлантирилган тақдирда, ариза ёки шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш билан боғлиқ зарарнинг ўрни, аризани, шикоятни кўриб чиқиш учун тегишли давлат органининг, ташкилотнинг, шунингдек улар мансабдор шахсларининг талабига кўра жойларга бориш муносабати билан қилинган харажатларнинг ҳамда ана шу вақт ичида йўқотилган иш ҳақининг ўрни мурожаат этувчига суд тартибида қопланади. Суд тартибида маънавий зиён ҳам компенсация қилиниши мумкин.
Жисмоний ёки юридик шахснинг аризасини ёхуд шикоятини кўриб чиқишда қонун талаблари бузилганлиги муносабати билан унга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш сифатида давлат органи, ташкилот томонидан тўланган маблағлар айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши мумкин.
Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Хусусан, мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, худди шунингдек туҳмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат берганлик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Хулоса ўрнида қайд этиш керакки, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат қилиши уларнинг конституциявий ҳуқуқи ҳисобланиб, ундан ҳар бир шахснинг тенг фойдаланиш имконияти тўлиқ йўлга қўйилган. Бугунги кунга келиб, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил давлат ва жамият ҳаётига татбиқ этилди. Зеро, инсонларни мурожаат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқ билан таъминлаш демократик жамиятда олий қадрият сифатида эътироф этилади.
Шу жиҳатдан, бошқарма томонидан Хоразм вилоятининг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётига оид маҳаллий, республика ва хорижий оммавий ахборот воситаларидаги (веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар) танқидий-таҳлилий ва кенг муҳокама қилинаётган ахборот материалларига (босма маҳсулотлар, фото-, аудио-, видеоматериаллар ва ҳ.к.) амалдаги конунчиликка мувофиқ тезкорлик билан муносабат билдириш тизими йўлга қўйилган. Бу борада давлат идора ва ташкилотларининг ахборот хизматлари иши мунтазам равишда мувофиқлаштирилиб, назорат қилиб борилмоқда.
Сардор АИТБАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Хоразм вилояти бошқармаси бош мутахассиси