Департамент органлари томонидан ер майдонлари савдоси билан боғлиқ фирибгарлик жиноятлари фош этилди
- 2021-12-09
Департамент органлари томонидан ер майдонлари савдоси билан боғлиқ фирибгарлик жиноятлари фош этилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Қўқон шаҳар бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро В.Х. Бешариқ туманидаги “В.О.” фермер хўжалигига қарашли 20,5 гектар ер майдонини фуқаро М.нинг номига расмийлаштириб бериши эвазига 18 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департамент ҳамда ДХХнинг Гулистон тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар А.Б. ва А.Т.лар олдиндан тил бириктириб, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини қўлга киритиш мақсадида, фуқарога “А.” фермер хўжалигининг 20 гектар ер майдонини 19 000 АҚШ долларига фирибгарлик йўли билан сотишга келишиб, шундан 15 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Худди шундай, Департамент ҳамда ДХХнинг Сирдарё вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ғ.Х. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, фуқаро Р.га Боёвут туманидаги “М.” фермер хўжалигининг 10 гектар ер майдонини 14 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 10 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Урганч шаҳар бўлими ҳамда ДХХнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Р.К. бошқа бир фуқаронинг Урганч шаҳридаги 2,1 сотих ер майдонини фуқаро М.га 6 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериши эвазига олдиндан 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.