ОЧИҚЛИК: ФУҚАРОЛАРНИНГ АХБОРОТ ОЛИШ КАФОЛАТИ

  •  2021-01-18
ОЧИҚЛИК: ФУҚАРОЛАРНИНГ АХБОРОТ ОЛИШ КАФОЛАТИ

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги тўғрисида” ги Қонуни 2014 йил 5 май куни  қабул қилинган. Ушбу Қонун билан  давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг, фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан очиқ фойдаланишни таъминлашда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган қарорлар учун масъулиятини оширишда, шунингдек, ушбу фаолият тўғрисидаги ахборотни кенг оммага тарқатиш тартибини белгилашда мазкур Қонуннинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Шулардан келиб чиқиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг 4 та асосий принциплари мавжуд.  Ушбу муҳим принциплар тақдим этиладиган ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши мумкинлиги, унинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги, улар фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги, мазкур органлар фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этишда фуқароларнинг ўз шаъни ва қадр-қимматини тажовузлардан, ўз шахсий ҳаётига аралашувлардан ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқларига риоя этишга асосланган.

Қонунда Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотларга  нималар кириши белгилаб берилган. Буларга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳамда бошқа ҳужжатлар, шунингдек уларнинг ижро этилишининг бориши тўғрисидаги маълумотлар, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, норматив ва бошқа ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек ушбу ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги маълумотлар, ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, норматив ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари тўғрисидаги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурлар амалга оширилиши тўғрисидаги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ўтказиладиган оммавий тадбирлар (мажлислар, кенгашлар, учрашувлар, матбуот конференциялари, брифинглар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқалар) тўғрисидаги, жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги тўғрисидаги, амалга оширилишида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари иштирок этаётган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисидаги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти соҳасига тааллуқли бўлган тармоқнинг (ҳудуднинг) ҳолатини ва унинг ривожланиш суръатини тавсифловчи асосий кўрсаткичлар ҳақидаги, шу жумладан, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари тўғрисидаги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ўтказиладиган (ташкил этиладиган) очиқ танловлар (тендерлар) ва ким ошди савдолари тўғрисидаги, бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари ва бўш иш ўринларини эгаллаш учун номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан тузилган мувофиқлаштирувчи ва маслаҳат органлари тўғрисидаги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларини ўтказиш режалари, шу жумладан, мажлисларнинг кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, жой ва вақт, мажлисларда ҳозир бўлиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар киради.

Хўш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари нималардан иборат? Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий нашрлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг, шунингдек, ушбу органлар томонидан ваколат берилган мансабдор шахсларнинг чиқишлари ва баёнотлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматларининг хабарлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари расмий веб-сайтлари, оммавий ахборот воситаларининг материаллари, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар шулар жумласига киради. Шунингдек, бошқа манбалар ҳам давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари бўлиши мумкин.

Қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари ҳам белгилаб қўйилган. Расмий веб-сайтлар интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ушбу органларга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга тегишли бўлган ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган расмий веб-сайт сифатида идентификация қилинадиган, ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ресурсдир. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларидаги барча ахборотлар давлат тилида жойлаштирилиши керак. Расмий веб-сайт бошқа тиллардаги шаклларга ҳам эга бўлиши мумкин. Расмий веб-сайтларда жойлаштириладиган ахборотнинг санаси қўйилган бўлиши ҳамда у вақти-вақти билан янгилаб борилиши зарур. Ахборотни янгилаб бориш даврийлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан белгиланади. Янгиланиш даврийлиги  ҳафтасига бир мартадан кам бўлмаслиги лозим. Энг муҳими, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларида,  ижтимоий тармоқлардаги канал ва саҳифаларида жойлаштирилган ахборот ишончли бўлиши керак, чунки у оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган ахборот билан тенг кучга эга бўлади.

        Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини тартибга солувчи мазкур Қонуннинг  асосий моҳияти ва вазифаси мамлакатимизда амалга  оширилаётган ислоҳотлар, фуқаролар ҳуқуқлари, манфаатларини  ҳимоя қилишда давлат идораларининг  шаффофлиги, холислигини таъминлашдан иборатдир. Қисқаси, ушбу  ҳужжат аҳолининг ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий соҳаларда ислоҳотлардан хабардорлиги самарадорлигини  янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Дилбар БЕКЧАНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги 
Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи