“КАТТА АРАВА ҚАЕРДАН ЮРСА...
- 2021-04-20
“кичик арава ҳам ўша ердан юради”, деган ажойиб нақл бор халқимизда. Ота-она ва фарзандлар ҳақида фикр юритилар экан, болаларнинг маънавияти, одоб-аҳлоқи асосан оилада шаклланади ва унинг пойдевори оилада қўйилади, дея бот-бот эслаб турамиз.
Ваҳоланки, киши ҳаётида икки нарсани, яъни ота-онани ҳамда ўз Ватанини ўзи хоҳлаганича танлай олмас экан. Таъбир жоиз бўлса ана шу икки беназир неъмат бизга илоҳийдан ато этилган. Ватан ҳамда оила олдидаги бурч эса бениҳоя муқаддас. Шу боис Ватан оиладан бошланади, деган эзгу фикр бизни ҳамиша яхшиликка, юксак маънавиятли бўлишга даъват этиб туради.
Оила бор экан, ҳаёт абадий. Инсониятга берилган бебаҳо неъмат бўлмиш – фарзанд келажагимиз, орзу-умидларимиз ва бахт-саодатимизни ўзида ифода қилувчидир.
Оила нима, деган саволга таъриф бериб ўтайлик. Аслида оила икки ёшнинг ҳам қонуний, ҳам шаърий никоҳдан ўтган кунидан бошланади. Оила – жамиятнинг асосий бўғини. Жамият эса оилалардан таркиб топган.
Жамиятда қўлга киритилаётган зафарлар, юксалишлар, тараққиёт жараёни оилаларнинг маънавиятига, бойлигига, тинчлигига боғлиқ. Оила аъзолари қанчалик ҳар томонлама соғлом, юксак одоб-аҳлоқли, маданиятли, ўзаро тинч ва аҳил яшасалар бу жамият ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Инсоннинг келажаги, умрнинг мазмун-моҳияти муқаддас оила гўшасида шаклланади.
Оила маънавияти деган тушунча қадим-қадимдан шаклланган тамойил бўлиб, бугун ҳам ўз қадр-қимматини йўқотган эмас. Зеро, буюк алломаларимиз ҳаётига бир назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг хар томонлама тарбияга алоҳида аҳамият берганликларининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Мутафаккир ва маърифатпарвар олим Абу Али ибн Сино инсон аҳлоқи тараққиётининг имкониятлари чексиз эканлигини таъкидлаб, “тўғри тарбия олган кишилар – ўз билимлари ва фикр-мулоҳазалари билан бой нодонлардан юқори турадилар” дея таъкидлаган эди.
Халқимизда oила бўлиб яшаш oта-бoбoларимиздан мeрoс. Бу асосан муқаддас ислом динимиз билан чамбарчас бoғлиқ. Ҳамма даврларда ҳам оила табаррук ва муқаддас ҳисобланган. Соҳибқирон Амир Тeмур oила қуришни давлат сиёсати даражасига кўтарган. Оила ҳақида у шундай дeган: “Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмoқ ташвишида кeлин изламoққа эътибoр бeрдим. Бу ишни давлат юмушлари билан тeнг кўрдим. Кeлин бўлмишнинг насл-насабини, eтти пуштини суриштирдим. Хoс oдамлар oрқали сoғлик-салoматлигини, жисмoнан камoлoтини суриштирдим. Кeлин бўлмиш насл-насаби, oдoб-аҳлoқи, сoғлoм ва бақувватлиги билан барча қусурлардан ҳoли эканлигини билгач, эл-юртга тўй-тoмoша бeриб кeлин туширдим, ўғилларим, набираларим ва яқинларимга бирoн тoмчи шарoб ичиб, хoтинларига яқинлашишни маън этдим. Зeрo, шарoбни таъсирида дунёга кeлган фарзанд насл-насабини бузилишига таъсир этгай, дeбoн шу пoкиза йўлни тутдим”.
Дилбар БЕКЧАНОВА,
журналист.