Рақамли божхона: Хоразм вилоятида янги ташкил этилган “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постида журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил қилинди

  •  2021-12-02
Рақамли божхона: Хоразм вилоятида янги ташкил этилган “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постида журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил қилинди

Бугун юртимизда барча соҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сўнгги 5 йилда давлат божхона хизмати органлари фаолияти ҳам тубдан янгиланди. Энг аввало, тизимга “Рақамли божхона” тамойилинг кенг жорий қилинаётганлиги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳам вақтини, ҳам ҳаражатларини тежашга хизмат қилмоқда.

Кенг миқёсда жорий қилинаётган “Хавфларни бошқариш”, “Ягона дарча” каби божхона ахборот тизимлари ва электрон хизматлар ёрдамида божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланаётган вақт тобора қисқармоқда.

Хоразм вилояти божхона бошқармаси томонидан матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ва блогерлар учун, бошқарма биносида 2021 йил
1 октябрда ташкил этилган “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил қилинди.

Пресс турда, 2021 йил 10 сентябрь куни қабул қилинган “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6310-сонли Президент Фармони ижроси доирасида божхона постида яратилган шароитлар, бу ердаги божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, божхона назоратининг шакл ва усулларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишишди.

Фармонда белгиланган муддат ичида янги ташкил этилган божхона пости 2021 йил 1 октябрдан воҳада фаолият юритаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан тақдим этилган электрон божхона юк декларацияларининг масофавий божхона расмийлаштирувини амалга оширишни бошлади.

“Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости 8 нафар иқтидорли ёш ходимлар билан жамланган.

Божхона постида жорий йилнинг 1 октябрь кунидан 30 ноябрь кунига қадар жами 2320 та божхона юк декларацияси, шундан 527 таси “қизил”, 1095 таси “сариқ” ва 698 та “яшил” йўлакларга (560 таси ёки 24 фоизи экспортга, 1760 таси ёки 76,6 фоизи импортга) расмийлаштирилди. Расмийлаштирилган божхона юк декларациялари орқали 230 миллиард сўмлик божхона тўловлари давлат бюджетига ўтказилган. Шунингдек,
хорижга 28 млн. АҚШ долларидан ортиқ мева-сабзавот ва саноат маҳсулотлари экспорт божхона режимига расмийлаштирилган.

Шу билан бирга, божхона постида ходимларни самарали хизмат олиб боришлари учун замонавий компьютер, алоқа, сканер ва чоп этиш қурилмалари, зарур  мебел ва инвентарлар ҳамда ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ва “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости билан видеомулоқот тизимини жорий қилиш мақсадида телевизор ва веб-камералар билан жиҳозланган.

Пресс тур давомида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан атрофлича жавоблар олишди.

Содда қилиб айтганда, бугун божхонада замонавий рақамли технологияларни қўллаш эвазига товар ва транспорт воситалари қанчалик тез чиқариб юборилса, маҳаллий ишлаб чиқариш, экспорт-импорт операциялари шунчалик шиддатли тус олади.

Хоразм вилояти божхона

бошқармаси

Ахборот хизмати