ПРЕЗИДЕНТ ТАБРИГИ–ЁШ ҚАЛБЛАР ТИРГАГИ

  •  2021-05-26
ПРЕЗИДЕНТ ТАБРИГИ–ЁШ ҚАЛБЛАР ТИРГАГИ

     Мамлакатимиз  истиқболи - ёш авлоднинг қандай таълим-тарбия олганлиги ва қандай маънавий фазилатлар эгаси бўлиб вояга етганлиги билан ўлчаниши ҳеч кимга сир  эмас.
    Маълумки, инсоннинг ўзлиги, ўз моҳиятига етиши борлиққа -оламга, ҳаётга она-табиатга, инсонларга бўлган меҳр-муҳаббатида  намоён бўлади. Маънавий етук инсон эса фақат ва фақат мактабда шаклланади, ақлан ва жисмонан ривожланади.  Зеро, мактаб ўз моҳиятини теран англаб етишга қодир ва ўз Ватани, унинг тараққиёти, миллат  фаровонлиги учун масъул инсонни тарбиялайди, ҳаётга учирма қилади.
    Юртбошимизнинг мактаб битирувчиларига йўллаган табриги нафақат битирувчи ёшларни, балки каттаю кичик барча  элдошларимизга манзур бўлди. Ёшларнинг қалбида эртанги тинч,фаровон ҳаёт ва бахтли келажакка бўлган ишонч, умид учқунларини  чўғлантириб юборди.
   Мамлакатимиз тарихида илк бора  йўлланган  бундай мазмундаги табрик биз устозларни ҳам тўлқинлантирди. Касбимизга, ишимизга  бўлган ишқимиз, завқимиз янада оловланди. Зеро, Жалоладдин Румий: “Заргарнинг ўз ҳунарига ишқи, модданинг ҳақиқий сифатларини англашга,  бинобарин унга ишлов беришнинг усул ва воситаларини эгаллаб олишга етаклайди. Бу жараён заргар учун ўз-ўзини англаш жараёни ҳамдир”, деб ёзганларида жуда ҳақ эдилар. 
Инсон қайси касб эгаси бўлмасин, ўз ишига  меҳр-муҳаббат билан ёндошса,ўз-ўзини мукаммал англайди, шу соҳада камол топади. Айниқса, ўқитувчи кимни ўстирса, тарбияласа, ўзи ҳам ўсиб,улғаяди, донишмандлик касб этади. Давлатимизнинг, миллатимизнинг келажаги бўлган ёшларни тарбиялашдек буюк ва улуғ вазифа топширилган устозлар жамиятдаги энг азиз, энг эъзозли инсон эканлигига шубҳа йўқ.
    Қисқа  муддатда таълим тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилганлигини мамнуният билан қайд қилиш жоиз. “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” шиори остида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ  ҳаракатига айланганлиги, охирги тўрт йил ичида 134 та мактаб янгидан қурилиб, 2965 та мактабнинг реконструкция қилиниб, тубдан таъмирланиб замонавий  жиҳозланганлигининг ўзиёқ фикримизга яққол далил бўлади. 
      Мамлакатимизда мутлақо янги шакл ва мазмундаги  замонавий Президент, ижод  ва  ихтисослаштирилган мактабларнинг барпо этилиши қалбимиздаги  умидлар ҳосиласидир. Очиғини айтсам, бугунги  янгиланаётган  таълим тизимининг очилиши нафақат менинг 44 йиллик педагогик фаолиятимда, балки  бутун мамлакатимиз педагоглари учун мутлақо янги  саҳифа, янги  бир даврни бошлаб  берди. 
Бу эса озод ва обод Ўзбекистоннинг қадри биланд, мартабаси улуғ устоз –муаллимларнинг даври бўлди, илм оламан, ўқийман, деган ёшларнинг даври бўлди. Ҳар гал синф хонасига кирсам муҳтарам Президентимизнинг “Мактаб бу-ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи”,деган сўзлари қулоқларим олдида жаранглагандай бўлади. Ҳар бир ўқувчимга қараб, уларнинг қиёфасида юртбошимизнинг орзулаган тинчлигимизнинг садоқатли соқчиларини, эртанги  кунимизнинг моҳир хўжайинларини, жонажон Ўзбекистонимизнинг довруғини оламга ёядиган  қаҳрамонларни кўргандай бўламан. Бу қанотни, бу парвозни ёшларимиз Огаҳий номидаги муҳташам ижод мактабидан оладилар, албатта. Зеро, Огаҳий ҳазратлари илмнинг хосияти ва инсоннинг ҳаётидаги ўрни ҳақида шундай ёзган эдилар :
                  Илм андоқ ганжи нофедур бани одамғаким,
                  Кимда у бўлса икки олам обод анго.Мана қисқа вақт ичида мактабимизнинг ижодкор ўқувчилари устозлари раҳнамоликларида қатор ютуқларни  қўлга киритдилар. Жумладан, мактабнинг 7-синф ўқувчиси Жавоҳир  Каримов 10-14 ёшлилар ўртасида ўтказилган “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида 3-ўринни эгаллаган бўлса, 9-синф ўқувчиси Гулмира Равшанбекова, 6-синф ўқувчилари Сарвара Каримова ва Гулираъно Отабековаларнинг  илк китоблари  дунё юзини кўрди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги  Президент, ижод, ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги  томонидан нашри йўлга  қўйилган “Ижод боғидан гулдаста”  шеърий тўпламига 13 нафар  ижодкор ўқувчиларимизниг шеърлари киритилди. Ютуқларимиз сезиларли даражада салмоқдор. 
Мактабда “Кичик академия” фаолият кўрсатади. Унда ижод қилаётган  қизлардан 9-синф ўқувчилари Гулмира Равшанбекова  ва Зиёда Сафарбоеваларнинг  илмий раҳбарлигим остида олиб  бораётган кичик тадқиқот ишлари  халқаро журналларда босилиб чиқди. Булар мени устоз сифатида жуда қувонтирди. Шогирдларимнинг иқтидорлари кўп таҳсинларга лойиқ. Албатта, булар ижод мактабимизнинг ишларидан қисман бир натижалардир.
      Муҳтарам юртбошимизнинг Хоразм фарзандларига  бўлган меҳру муҳаббати, уларнинг қонида, жонида муқим яшаб келаётган иқтидору истеъдодига бўлган юксак ишонч тимсоли сифатида  янгидан  қад  ростлаган  Огаҳий  ижод  мактаби яна икки  йилдан сўнг илк қалдирғочларини  мустақил ҳаётга учирма қилади. Ишонамизки, битирувчи ўқувчиларимиз юртбошимизнинг орзуларини рўёбга чиқариб, янги Ўзбекистоннинг номини шарафларга буркайдилар.     


                                                 Мадина Матяқубова,
                                           филология фанлари номзоди, Огаҳий ижод мактабининг олий тоифали
                                            она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.