ХОРАЗМЛИК ЖУРНАЛИСТ, БЛОГЕР ВА МАТБУОТ КОТИБЛАРИ УЧУН МАЛАКА ОШИРИШ КУРСИ
- 2021-04-08
Бугун хоразмлик бир гуруҳ журналистлар, блогер ва матбуот котиблари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ҳамкорлигида “Журналистика соҳасидаги кадрларнинг ҳуқуқий соҳадаги билимларини ошириш бўйича малака ошириш” курси бошланди.
Ўқув курсларда Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, доцент С.Арифжанова томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда ОАВ фаолияти билан боғлиқ қонунчиликнинг амалий аҳамияти, ушбу йўналишларга тегишли бўлган қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилмоқда.
Ноанъанавий усулда давом этаётган ушбу тадбирда журналист, блогер ва матбуот котибларининг ижодий ҳамкорлиги, ҳуқуқий билим ва кўникмалардан самарали фойдаланиш услублари ҳамда соҳадаги чет эл тажрибалари юзасидан фикр-мулоҳазалар юритилмоқда. Мазкур ўқув курси 3 кун давом этади.