Ҳазораспда “Ҳоким, вазир ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди
- 2021-03-30
Бугун Ҳазорасп туманида вилоят ҳокими Ф.Эрманов ва Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Б.Олматовнинг Ҳазорасп, Боғот, Тупроққалъа тумани ёшлари билан очиқ мулоқоти ўтказилди. Учрашувда вилоят ҳокими Ф.Эрманов “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб, тадбир иштирокчиларини расмиятчиликдан холи бўлиб, очиқ ва ошкора мулоқот қилишга чақирди.
Ҳазорасп туманининг Мухомон қишлоғидан Мурод Сотимов, Назира Исмоилова, туман ахборот кутубхона маркази ходими Хушнуд Жуманиёзов интернет тизимига уланишдаги муаммо юзасидан мурожаат қилдилар. Бу масала тегишли мутасаддилар томонидан бир ҳафта муддатда ҳал қилинадиган бўлди.
Ҳазорасплик Мақсуд Мирзаев ўз маблағи ҳисобидан ўйингоҳ қурилишини бошлагани, қурилишни давом эттириш учун кредитга гаров масаласида ёрдам сўради. Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси ёш тадбиркорга бу масалада амалий ёрдам кўрсатадиган бўлди.
Тупроққалъа туманидан информатика фани ўқитувчиси Сардор Рўзиев, Ҳазорасп туманидан Оғабек Матёқубов IT технологиялар бўйича ўқув маркази ташкил қилиш учун бино ва компьютер воситалари масаласида мурожаат қилишди. Ёш тадбиркорга “Узтелеком” туман бўлими биносидан хона ажратиб бериладиган бўлди.
Учрашувда ёшлар ўзларининг келажак режалари, уларни қийнаётган муаммолар ҳақида очиқ-ойдин гапирдилар. Ёшларга бугунги кунда талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни ўргатиш, уларнинг тадбиркорликка қизиқишини ошириш ва IT технологиялар билан ишлаш салоҳиятини юксалтириш борасидаги таклифлар юзасидан кенг фикр алмашилди. Жойида ҳал қилиш имкони бўлган оғзаки мурожаатлар қаноатлантирилди. Атрофлича ўрганиш тақозо этиладиган масалаларни ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилот раҳбарларига уларнинг ечимига доир кўрсатмалар берилди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати