ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ЎРТАСИДАГИ КЎПРИК ( Президент қарори ва ижро )

  •  2021-01-28
ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ЎРТАСИДАГИ КЎПРИК (  Президент қарори ва ижро )

    Бугун Ўзбекистонимиз янги қиёфада чирой очиб, одамларимизнинг дунёқараши ўзгармоқда. Мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи кундан кунга юксаляпти. Ватанимизда амалга оширилаётган залворли ютуқларнинг, халқимизнинг тинч ҳаёти ва ижодкорона меҳнатининг,  демократик ислоҳотларнинг неьматларидан баҳрамандлик ҳар қадамда сезилмоқда.

Айниқса, сўз эркинлигини таъминлашда, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ривожланишнинг муаммоли масалаларини ҳал этишда оммавий ахборот воситаларининг роли алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 27 июндаги Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПҚ-4366-сонли қарори медиа маконда кенг муҳокама қилинаётган танқидий-таҳлилий чиқишлар, муаммоли масалалар бевосита давлат идоралари ва ташкилотлари  орқали тезкорлик билан ўз вақтида ечимини топишида катта аҳамиятга эга бўлди. Қисқа муддат ичида мазкур ҳужжат шарофати билан ахборот соҳасидаги ишлар сезиларли даражада юксалди, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари, оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ҳам  сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Энг муҳими, давлат ва жамият ўртасида самарали ва сифатли мулоқот ўрнатилиб, аҳолига ислоҳотларнинг мақсади, вазифалари ва натижалари ҳақида тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш  тизими шаклланди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолияти учун қулай шароитлар яратилди. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти шаффофлиги таъминланди.

Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарларининг фаолияти тубдан яхшиланди. Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги ва аҳолини хабардор қилиш соҳасидаги фаолияти самарали йўлга қўйилди.

Вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, идора ва ташкилотларнинг ахборот хизмати раҳбарлари томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб борилмоқда. Давлат органлари ва ташкилотларининг ижобий имижини шакллантиришда ахборот хизмати раҳбарларининг самарали меҳнатлари бор.  

Ҳар бир ахборот хизмати раҳбари ахборот сиёсати соҳасида зиммасига юкланган вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳудудий бошқармаси билан самарали амалий ҳамкорликни йўлга қўйган.

Ўз ўрнида бошқарма  томонидан ўз ваколати доирасида оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик қилиш, ахборот хизматлари билан доимий ишловчи журналистлар ва блогерлар доирасида тезкор маълумотларни тарқатиш, шунингдек,  мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг чиқишларини ташкил этиш, ахборот макони мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, танқидий ва кенг муҳокама қилинаётган ахборот хуружларига тезкор муносабат билдириш, оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига алоқадор ахборотни тарқатиш бўйича ишлар ташкил қилиб келинмоқда.

Қарорга кўра, давлат органлари ва ташкилотларининг идоравий ва ҳудудий бўлинмалари тузилмаларида ахборот хизмати раҳбарлари лавозимлари ташкил қилинди. Ахборот хизматлари ходимлари бир вақтнинг ўзида давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланиб, ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлдилар. Меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилдилар.

Маълумки,  давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот фаолиятини мувофиқлаштириб бориш Агентлигимиз томонидан амалга оширилади. Қарорда  ахборот хизматлари ходимлари тегишлича Агентлик ёки унинг ҳудудий бўлинмалари хулосасини ҳисобга олган ҳолда лавозимга тайинланадилар ҳамда ҳар уч йилда Агентликда аттестациядан ўтадилар, дея белгилаб берилган. Ҳозиргача бошқарма томонидан 42 нафар ахборот хизмати раҳбарлари аттестациядан ўтказилиб, махсус гувоҳномаларни олишга муваффақ бўлдилар.

Бугунги кунда ахборот хизмати раҳбарларига  иш фаолиятида юкламалар жуда кўп.  Ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокама қилинаётган масалалар, фуқароларнинг  чиқишлари, танқидларни таҳлил қилиш, ўрганиш, ечимини топиш масъулияти ҳам улар зиммасида. Бугун ахборот хизмати раҳбарлари ахборот хуружларига тезкорлик билан жавоб қайтариш борасида ҳам ўз масъулиятларини янада оширмоқдалар.

Қарор билан  давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматларига уларнинг хизмат мажбуриятига кирмайдиган қўшимча мажбуриятларни юклашга,  ахборот хизматларининг функциялари ва вазифаларини давлат органлари ва ташкилотларининг бошқа бўлинмалари зиммасига юклашга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.

Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ахборот хизматларининг замонавий моддий-техника воситалари, шу жумладан, телевизор, фото- ва видео ёзиб олиш воситалари, юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш имконияти, зарур дастурий маҳсулотлар билан таъминланганлиги, шунингдек, малакали мутахассисларни жалб қилиш учун шахсан жавобгар ҳисобланадилар. Ахборот хизматлари ходимларига, бошқа тўловлардан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг ўз маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ойлик устама тўлашга ҳақлидирлар.

Бироқ баъзи идора ва ташкилотларда Президентимизнинг ушбу қарори ижросини таъминлашга масъулиятсизлик билан қаралмоқда.  Хатто   ахборот хизматларини замонавий моддий-техника воситалари  билан таъминланганлик даражаси қониқарли эмас. Ваҳоланки, ташкилотнинг имижини яратишда ахборот технологияларидан тўлиқ фойдаланиш юқори натижа ва самара беришини ҳар бир раҳбар жуда яхши тушуниши керак.

Шаҳар ва туман ҳокимликларида ахборот хизмати учун қўшимча веб ресурслар билан ишлайдиган ходим штати, енгил автомашина халигача  ажратилмаган. Меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдоридаги ойлик устама барча ахборот хизмати раҳбарларига ҳам  тадбиқ қилинмаган. Янгиариқ, Гурлан туманлари ва Хива шаҳри ҳокимликларининг ахборот хизматлари видеокамера билан таъминланмаган.  Янгиариқ,  Урганч туманлари ҳокимликлари ахборот  хизматларига ажратилган хоналар эса қониқарсиз аҳволда.

Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан  Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини мониторинг қилишнинг самарали тизимини жорий этилган. Медиа маконда оммавий ахборот воситалари, блогерлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича ишларини ташкил этишда, уларга кўмаклашишда, шунингдек, ахборот хуружларига тезкорлик билан жавоб қайтаришда  ахборот хизматларининг фаолиятлари мунтазам  мувофиқлаштириб борилмоқда.

Шак шубҳасиз, бугун  оммавий ахборот воситалари  ижтимоий ҳаётни акс эттирувчи асосий восита сифатида жамият тараққиётида муҳим вазифани бажармоқда. Сўз ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ахборотни монеликсиз излаш, олиш, тарқатиш ҳуқуқи Конституция ва қонунлар билан кафолатланган.

Бир сўз билан айтганда миллий матбуотимиз жаҳон ахборот майдонида ўз нуфузига, мавқеига эга бўлиб, республикамизда оммавий ахборот воситаларининг эркин ва мустақил фаолият кўрсатишлари учун барча шароит ва имкониятлар яратилган. Бу борада  кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Дилбар БЕКЧАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи.